Юраги ўзбекча урган шоир
Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнберг ҳақидаги ҳужжатли фильм премьераси бўлди.
Кинокартина Кинематография агентлиги буюртмасига биноан «Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси» ДУК ҳамда Ўзбекистон жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда суратга олинган.
Ёзувчи, шоирлар, адабиётшунослар, А.Файнбергнинг яқин қариндошлари ва талаба- ёшлар иштирокидаги тақдимотда Кинематография агентлиги ва университет вакиллари А. Файнбергнинг мазмунли ва ибратли ҳаёт йўли ҳақида сўз юритди. Университетда шоир хотирасини абадийлаштириш мақсадида қилинган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг, ҳужжатли фильм кенг жамоатчиликка намойиш этилди.
Картина режиссёри Александр Гамиров. сценарий муаллифи Гўзал Пиржонова, фильмни Умид Маликов суратга олган.
– Александр Файнберг ўзбекларни шу қадар севардики, унинг характерига ўзбекона туйғулар кўчган эди,– дейди Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон. – Тошкент табиати, инсонларининг самимияти ҳақида тўлқинланиб ёзарди. У чин маънода гўзал хулқ эгаси эди. Шеърларида ҳам буни ифода этарди. Ғамхўр, меҳрибон, ҳақиқатпараст эди. Ёлғон гапни ҳазм қилолмасди, хиёнатни кечирмасди. Унинг шеърларини ўзбек тилига ўгириш бахтига муяссар бўлганман. Шоирдан кўп нарса ўрганганман. Файнберг сўзни севган. Биз бунда ундан ўрнак олсак бўлади. Картина орқали шоир ҳаёт йўлига жиддий назар ташланибди. Томошабин сифатида бу мени қувонтирди.
«Александр Файнберг. Қалби ўзбек рус шоири» ҳужжатли фильмида ўзбек миллий адабиёти ва санъатининг таниқли вакилларидан интервьюлар, шоир ижодига мансуб шеърий парчалар ва тадрижий маълумотлардан фойдаланилган.
Картинада Файнбергнинг ўзбек адабиётига бўлган ҳурмати рўй-рост кўрсатилган. Унинг таржимонлик маҳорати, шоирлик салоҳияти ва инсонийлик фазилатлари улуғланган. Картина шеър ихлосмандларига шоирни янада яқиндан таништиради.
«Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали доирасидаги ҳужжатли фильмлар намойиши 29 сентябрга қадар давом этади.
Д. Маматова, ЎзА