Юксак эътирофга муносиб ишлаймиз
Шу кунларда азиз диёримиз узра байрамона кайфият, ўзгача шоду хуррамлик руҳи ҳукмрон.
Шу кунларда азиз диёримиз узра байрамона кайфият, ўзгача шоду хуррамлик руҳи ҳукмрон. Қаерга борманг, гўзал ва бетакрор Ўзбекистонимиз мустақиллигининг 28 йиллик қутлуғ айёми тантаналари устидан чиқасиз.
Байрамни тантанали нишонлашимизга мамлакатимизнинг ўрта истиқболига мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ва уни амалга ошириш борасидаги Давлат дастурларининг натижадор бўлаётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Ҳозир халқимизнинг ўзи ислоҳотлар самарасига гувоҳ бўлмоқда. Ҳар бир соҳада, ҳаттоки баъзилар шубҳа билан қарайдиган йўналишларда ҳам ривожланиш кузатилаяпти.
Қолаверса янги-янги соҳалар мамлакатимизга кириб келмоқда. Шунга монанд равишда қонунчилик такомиллаштирилиб борилаяпти. Масалан Атом энергетикасини ривожлантириш бўйича ишларни олайлик. Бу борада нафақат қонунчилик янгиланди, балки амалий ишларга ҳам ўтилди. Бу каби мисолларни жуда кўплаб келтиришимиз мумкин. Мустақил бўлганимиз учун ҳам ўз тилимиз, динимиз, иқтисодий йўлимиз бор. Яъни мамлакатимиз иқтисодиётини таъминлаш учун қайси соҳаларни ривожлантириш керак бўлса, буларни биз ўзимиз ҳал қилиш имкониятига эга бўлдик. Айнан иқтисодий мустақиллик бу мамлакатнинг мустақил давлат сифатида тан олинишининг муҳим омилларидан саналади. Қачонки давлат ўзини тўлақонли мустақил деб билиши бу унинг тўлақонли иқтисодий мустақиллигидан келиб чиқади. Иқтисодиётимиз Давлат дастурлари орқали диверсификацион йўл билан ривожлантириб борилмоқда. Хусусан, валюта либераллаштирилди, яъни, инвестор мамлакатимизга инвестиция олиб кириб, ундан тушган фойдани бемалол, эркин хорижий валютага конвертация қилиб чет элга, ўз мамлакатига олиб кетиш имконияти яратилди. Йўл қурилиши соҳасини олайлик, нафақат мамлакат ичида қурилаётган йўллар, балки темир йўллар, ҳаво йўлларининг йўналишлари ҳам тобора кенгайиб бормоқда.
Мухтасар айтганда, Президентимиз белгилаб берган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқ учун хизмат қилиши керак” деган устувор тамойил асосида мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсат натижасини ҳар жабҳада кўришимиз мумкин. Шу сабабли ҳам халқимиз бугун байрамни кўтаринки руҳда қарши олмоқда.
Мана шундай қувончли ва фараҳбахш дамларда давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медалларига сазовор бўлган юртдошларимиз қаторида менинг ҳам хурсандчилигим ичимга сиғмайди. Муҳтарам Президентимизнинг Фармони билан “Шуҳрат” медалига муносиб кўрилганим, мен учун кутилмаган, ўз ўрнида қўшалоқ байрам бўлди.
Бу юксак эътирофни нафақат ўзимники, балки “Тараққиёт стратегияси” маркази жамоасиники ҳам деб биламан. Ҳаракатлар стратегияси ва унинг доирасида қабул қилинган Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар, мақсад-вазифаларнинг ижросига қўшган кичик ҳиссамиз бу қадар юқори рағбатга лойиқ топилгани, албатта, бизга янада янги куч-қувват, салоҳият, шиддат-шижоат, масъулият бахш этиб, ташаббускор ва тадбирли бўлишга ундайди.
Зеро, бугун дунё миқёсида довруғи ошиб бораётган Ўзбекистон равнақи учун, бу давлат халқи розилиги учун фидокорона меҳнат қилиш, ёниб ишлаш, Президент амалга ошираётган янги босқичдаги ислоҳотлар рўёби йўлида жон куйдириш, ватанпарвар ва содиқ бўлиб астойдил тер тўкиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз.
Давлатимиз ва халқимизнинг бу юксак мукофоти ҳам жамоатчилик вакили, ҳам депутат сифатида менинг кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшади, юртимизнинг ёрқин истиқболи йўлида бугунгидан ҳам фаолроқ хизмат қилишга чорлайди.
Бундан буён ҳам парламент аъзоси сифатида, энг аввало, ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, фаровон ҳаёти, давлат ва жамият ривожига қаратилган ҳаётий қонунларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва ижросини сўзсиз таъминлаш, марказ раҳбари сифатида эса, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш йўлида бор билимим, имкониятларимни сафарбар этавераман.
Элдор ТУЛЯКОВ,
“Шуҳрат” медали соҳиби,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори.