Ёшликка хос жўшқинлик, илҳом ва завққа тўла мушоира
Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган истеъдодли ёш шоир ва ижодкорлар иштирокида «Энг гуллаган ёшлик чоғимда» номли адабий мушоира кечаси ташкил этилди.
Ёшларга хос жўшқинлик, шижоат ва завққа йўғрилган адабий мушоирада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти, таниқли шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, ижодкор ёшлар ҳамда шеърият мухлислари иштирок этди.
Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг интеллектуал, маънавий ва ижодий салоҳиятини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг илм-фан, маданият ва адабиёт соҳаларидаги фаоллигини оширишга оид фармон ва қарорлари, эзгу ва ҳаётбахш ташаббуслари муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Айниқса, ёшларнинг маънавий камолотини юксалтиришга қаратилган ташаббуслар ижроси доирасида ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари, таниқли шоир Минҳожиддин Мирзо, таниқли адиб ва публицист Хуршид Дўстмуҳаммад, устоз шоирлар Салим Ашур, Ғайрат Мажид, Рустам Мусурмон ва бошқалар мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, миллий адабиётни янги авлод ижодкорлари билан бойитиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ва устоз-шогирд анъаналарини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлади.

Кечанинг асосий қисмида ёш шоирлар Ватан, инсон қадри, муҳаббат, эзгулик, она, тинчлик, орзу-интилиш ва ёшликни тараннум этувчи шеърларини ўқиб эшиттирди. Улар томонидан янграган ҳар бир мисра қалбларга илиқлик, эзгулик ва ҳаётга муҳаббат туйғуларини улашди.
Устоз адиблар ёш ижодкорларнинг чиқишларини юқори баҳолаб, бадиий маҳоратни ошириш, миллий адабиёт анъаналарига содиқ қолган ҳолда замонавий ижодий изланишларни давом эттириш юзасидан қимматли тавсия ва маслаҳатлар берди.

“Энг гуллаган ёшлик чоғимда” мушоираси ёш истеъдодларни бир майдонга жамлаган, уларнинг ижодий изланишларини қўллаб-қувватлаган, шеърият орқали юксак маънавият, ватанпарварлик ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб этган муҳим адабий анжуман сифатида иштирокчилар қалбида унутилмас таассурот қолдирди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси келгусида ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати доирасида иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий фаолиятини рағбатлантириш ва миллий адабиётимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган янги авлод ижодкорларини тарбиялашга қаратилган лойиҳаларни изчил давом эттиради.
Н.Усмонова,
Аҳмаджон Тўраев (сурат),
ЎзА