Ёшларнинг мурожаати жойида ечим топди
Ёшларнинг орзу-мақсадларини қўллаб-қувватлаш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар ва имконияти чекланган инсонларга имконият яратиш инсон қадрини улуғлаш сиёсатининг амалий ифодасидир.
Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 2-сонли “Ғамхўрлик” марказида Миллий гвардия қўмондони иштирокида “Генерал ва ёшлар” очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Унда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар, параспортчилар ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Спорт вазирлигининг масъуллари қатнашди.

Учрашув расмий тадбирдан кўра самимий суҳбатга айланди. Ёшлар ўзларини қийнаётган масалалар, режалари ва таклифларини бевосита раҳбарларга етказиш имконига эга бўлди.
Айниқса, Миллий гвардиядаги камондан отиш ва от спорти тўгаракларига қатнашиш истагини билдирган ёшларнинг мурожаатлари шу жойнинг ўзида қўллаб-қувватланди. Уларни машғулотларга жалб этиш бўйича амалий ишлар бошланадиган бўлди.
Иш излаётган имконияти чекланган фуқароларнинг мурожаатлари ҳам эътибордан четда қолмади. Масъулларга уларни иш билан таъминлаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Тадбир давомида ногиронлик аравачасига муҳтож фуқароларга замонавий аравачалар топширилди. Бошқа ижтимоий масалалар бўйича ҳам ҳар бир мурожаат алоҳида ўрганилиб, уларни ҳал этиш чоралари белгиланди.
Учрашув якунида ёшларга эсдалик совғалари топширилди. Энг муҳими, бу мулоқот ғамхўрлик фақат сўзда эмас, балки аниқ амалий ишлар орқали намоён бўлаётганини яна бир бор кўрсатди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА