Ёшларнинг муаммоларига ечим изланди
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида вилоят 4-сектори раҳбари – вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Анваржон Ботиралиев ёшлар билан учрашди.
Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши мутасаддилари, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари, юз нафардан зиёд ёшлар иштирок этган тадбирда бир қатор долзарб масалалар муҳокама этилди.
Дастлаб сектор раҳбари солиқ қонунчилигига киритилган ўзгариш ва қўшимчалар ҳақида маълумот берди. Жумладан, солиқ тўловчининг уй-жойларини талабаларга ижарага беришдан олинган даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилганлиги, тўлов контракти бўйича белгиланган имтиёз таълим кредитини қоплашга йўналтирилган маблағларга нисбатан ҳам татбиқ этилиши, шунингдек, солиқ тизимида “E-ijara”, “E-aktiv”, “E-imtiyoz” каби электрон, ахборотлашган хизматлар ишга туширилганлиги солиқ тўловчиларнинг электрон хизматлардан самарали фойдаланиши, ортиқча қоғозбозлик ва оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилаётганлиги таъкидланди.

Учрашувда ёшлар замонавий касбларга ўқитиш, савдо фаолиятини кенгайтириш учун ер-жой ажратиш, олий ўқув юрти билан тузилган шартнома тўловини тўлаб бериш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш бино, субсидия, тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида имтиёзли кредит, жумладан, новвойчилик фаолиятини кенгайтириш учун хамир қориш ускунаси олишда имтиёзли кредит ажратиш каби масалаларда мурожаат қилди.

– Тадбирда маҳалламиз ёшларининг Самарқанд шаҳрига зиёратини ташкил қилишда автобус ажратиб бериш масаласида мурожаат қилдим, – дейди Навоий шаҳар “Умид” маҳалласи ёшлар етакчиси Бобурмирзо Жалолиддинов. – Ушбу масала шу ернинг ўзида қўллаб-қувватланиб, махсус автобус ажратиладиган бўлди. Эндиликда маҳалламизнинг бир гуруҳ ёшлари ички туризм доирасида кўҳна шаҳарга саёҳат қилиб, муқаддас қадамжо ва обидаларни томоша қилади.

Шунингдек, учрашувда Малика Деҳқонова ва Шаҳризода Доноқуловаларнинг замонавий касбга ўқитиш борасидаги мурожаатлари ҳам ижобий ҳал этилди.
Учрашув давомида ёшлар томонидан йўлланган барча мурожаат ва таклифлар ҳамда кўтарилган муаммолар қатъий назоратга олиниб, қисқа муддатда ҳал этиш чоралари кўриладиган бўлди.
Абдували Бўриев, ЎзА