Ёшлар ва ҳарбийлар учрашуви
Андижон давлат тиббиёт институтида “Ёшлар ва армия бирдам” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Андижон вилояти жангчи "Ветеран" ва ногиронлар кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида "Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!” шиори остида ўтказилаётган тадбирлар доирасида ташкил этилган давра суҳбатида институт профессор-ўқитувчилари, ҳарбийлар, талаба ва ўқувчи ёшлар иштирок этди.
– Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, энг аввало, халқимиз руҳиятига байрам шукуҳини сингдириш, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик, истиқлол неъмати ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишдан иборат, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Андижон вилояти кенгаши Ёшлар ва ҳарбийлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Бахтиёржон Норқобилов. – Қолаверса, ёшларимизнинг миллий армия ва ҳарбий касбга бўлган қизиқишларини янада кучайтиришга қаратилган.

Давра суҳбатида ёшлар ва ҳарбийлар дилдан суҳбатлашди. Ватан ҳимояси муқаддас ва шарафли бурч, армия ва ёшлар ҳамиша бирдам, ёшлар Ватан тинчлиги ва осойишталиги учун масъул эканлиги хусусида сўз юритилди. Хусусан, профессор-ўқитувчилар, ҳарбийлар, Қуролли Кучлар ва афғон уруши фахрийлари мавзу доирасида ўзларинг фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир якунида ҳарбийлар, институт талабалари ҳамда Андижон шаҳридаги 31- умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан кўргазмали чиқиш ва саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМУРЗОҚОВ(сурат), ЎзА