“Ёшлар ташаббуслари марафони” бўлиб ўтди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон шаҳрида жойлашган Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида Ёшлар ойлиги доирасида “Ёшлар ташаббуслари марафони” ташкил этилди.
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан келган ёшлар иштирок этган тадбир ўзини ривожлантириш, янги ташаббусларни амалга ошириш, билим ва кўникмаларини ошириш истагидаги ёшлар учун ўзига хос имкониятлар майдонига айланди.
[gallery-30038]
Марафон доирасида ташкил этилган 10 дан ортиқ павильонда тадбиркорлик ва бандлик, китобхонлик, иқтидор ва истеъдод намойиши, “Ташаббускор қизлар”, “Бизнес марафон”, ҳарбий-ватанпарварлик, сунъий интеллект ва стартаплар, хорижий тиллар ва ТОП университетлар, шунингдек, “Сувни бирга асраймиз” каби йўналишларда 30 дан ортиқ лойиҳа ва тақдимотлар ўтказилди.
Тадбир давомида ёш тадбиркорлар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари ҳам намойиш этилди.
Марафон ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилди.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА