Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбир ўтказилди
Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети академик лицейида ёшлар ўртасида жиноятчилик, хусусан тан жароҳати етказиш ва безорилик, гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддалар ноқонуний муомаласи, шунингдек, экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолиш ҳолатларининг олдини олишга бағишланган профилактик тадбир ташкил этилди.
Тадбир Ички ишлар вазирлиги Академияси магистратура тингловчилари — подполковник Ф.Аҳмедов ва подполковник А.Раҳматиллаевлар иштирокида ўтказилди. Унда педагоглар, ўқувчилар ҳамда магистратура тингловчилари қатнашиб, ёшлар орасида учраётган ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари, уларнинг оқибатлари ва олдини олиш механизмлари юзасидан атрофлича маълумотларга эга бўлди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ёшлар мамлакат тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб, уларнинг билимли, маънавий етук ва ҳуқуқий онгли бўлиб вояга етиши давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Шу нуқтаи назардан, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишда таълим ва тарбия ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

Мутахассислар томонидан келтирилган таҳлилларга кўра, айрим ҳуқуқбузарликлар, жумладан безорилик, тан жароҳати етказиш ва гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар кўпинча ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этмаслик, ҳуқуқий билимнинг етарли эмаслиги ҳамда нотўғри ижтимоий муҳит таъсири натижасида юзага келмоқда.
Тадбир давомида ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар статистикаси ҳам таҳлил қилиниб, бу борада профилактик ишларни кучайтириш, таълим муассасалари, ота-оналар ва тегишли ташкилотлар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида назарда тутилган жавобгарлик чоралари, хусусан тан жароҳати етказиш ва безорилик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жазолар ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.

Тадбир якунида ёшларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, зарарли одатлар ва турли бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Мазкур профилактик тадбир ёшлар орасида ҳуқуқий маданиятни ошириш, уларни турли хавф-хатар ва зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш ҳамда соғлом ва онгли жамиятни шакллантиришга хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА