Ёшлар кунида интерактив экскурсия
Кеча – ёшлар билан мулоқот кунида Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Сатторов учрашувни интерактив экскурсия тарзида ташкил этди.
Ёшлар дастлаб, вилоят адлия бошқармасида бўлиб, идора фаолияти, унинг асосий йўналишлари ҳамда ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништирилди.

Тадбир давомида Lex.uz платформасидан самарали фойдаланиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни излаш ва амалиётда қўллаш тартиби тушунтирилди. Шунингдек, my.gov портали орқали давлат хизматларидан фойдаланиш, ариза топшириш, электрон хизматлар бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Эътиборлиси, тадбир доирасида психолог иштирокида ёшлар билан мулоқот ҳам ташкил этилди. Унда ёшлар стресс, ишончсизлик ва шахсий ривожланиш каби мавзулар юзасидан маслаҳатлар олди. Психолог томонидан берилган амалий тавсиялар ёшларнинг руҳий барқарорлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди.


Раҳбар ва ёшлар учрашуви вилоят адлия бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳарбий прокурори ва ҳарбий суди раиси ҳамкорлигида Марказий ҳарбий округ музейи ва “Амир Темур синфи”да давом этди. Ёшлар музейдаги тарихий экспонатлар, ҳарбий техникалар намуналари ва архив материаллари билан танишди. Шу ерда раҳбарлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, йигит-қизларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди, айрим муаммоли масалаларга ечим топилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари