Ёшлар келажак бунёдкорлари
Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган “Пайшанба – ёшлар куни” тадбирлари доирасида Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Андижон филиалида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Андижон вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи, 1-даражали адлия маслаҳатчиси Отабек Бозоров, божхона бошқармаси бошлиғи, полковник Баҳодир Қутлимуротов, вилоят ҳарбий прокурори, адлия полковниги Илҳомжон Маматқулов иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда ёшларнинг ўз иқтидор, истеъдод ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари, пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилганлиги, ёшларнинг ана шу имкониятлардан тўлақонли фойдаланишлари муҳим эканлиги таъкидланди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашув якунида ёшлар томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, пухта билим олиши, жисмонан ва руҳан соғлом бўлишлари учун мунтазам ишлашлари лозимлиги қайд этилди.

– Ёшлар юртимиз келажагининг бунёдкорлари, – дейди Андижон вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Отабек Бозоров. – Уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қийнаётган муаммоларни бартараф этиш орқали ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик ҳиссини оширишга кўмаклашиш, айниқса, ҳаёт тез ва шиддат билан ривожланаётган бугунги кунда барча даражадаги раҳбарларнинг асосий вазифаларидан бирига айланиши лозим.

Шунингдек, учрашув доирасида масъуллар томонидан мазкур мактабда ёшларга яратилган шарт-шароитлар, турли йўналишлардаги тўгараклар фаолияти ўрганилди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.