Ёшлар етакчилари билимини оширмоқда
Жиззах вилоятининг Бахмал туманида маҳалла ёшлари етакчилари учун “Маҳалла еттилиги” аъзоларининг малакасини оширишга қаратилган икки кунлик ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Семинарда ёшлар бандлигини таъминлаш, ишсиз ёшларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, ёшлар билан манзилли ишлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби муҳим масалаларга эътибор қаратилди. Машғулотларда зарур билимлар билан бирга, маҳалладаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга амалий ечим топиш кўникмалари ҳам мустаҳкамланди.


Зеро, ёшлар етакчисининг вазифаси фақат рўйхат тузиш ёки маълумот жамлаш билан чекланмайди. Унинг асосий мезони – маҳалладаги ҳар бир ёшнинг дарди ва эҳтиёжини билиш, ишсиз бўлса бандлигини таъминлаш, касб ўрганиш истагини қўллаб-қувватлаш, муаммога дуч келганида ечим излашдан иборат.
Бугун бу вазифалар маҳалла ҳаётидаги умумий мақсад билан уйғунлашмоқда. “Маҳалла еттилиги”нинг фаолиятида ҳам аҳоли муаммоларини манзилли ҳал этиш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, жиноятчиликнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2026 йил 24 июндаги “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ҳам маҳалладаги ана шу ишларни янада тизимли ташкил этишга хизмат қилмоқда.


Бахмалдаги ўқув-семинарнинг аҳамияти шундаки, икки кунлик машғулотларда олинган билим ва кўникмалар энди маҳаллалардаги амалий ишда ўз самарасини кўрсатиши керак. Чунки ёшлар билан ишлашда натижа қоғоздаги рақам эмас, ўз йўлини топган, ишли бўлган, касб эгаллаган ва келажагига ишонч билан қадам қўяётган ёш тақдирида намоён бўлади.

Маҳаллада сифатли ишлаш, аввало, ёшни эшитишдан бошланади. Шуларни тушуниш ва қўллаб-қувватлаш эса эртанги натижага қўйилган мустаҳкам қадамдир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири