Ёшлар доимий эътибордан миннатдор
Андижон шаҳридаги вилоят Ёшлар марказида “Ёшлар дафтари”га киритилган бир гуруҳ ёшлар тақдирланди.
Ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда сўз олган вилоят ҳокими ўринбосари Насибулло Мўминов, Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Феруз Абляров ва бошқалар томонидан мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш, муаммоларини бартараф этишга қаратилган, айниқса, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Дастлаб ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича республика Ишчи гуруҳи ташрифи доирасида вилоятда амалга оширилган ишлар акс этган видеоролик намойиш этилди. Шундан сўнг “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ёрдам олган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун Ёшлар ишлари агентлиги Андижон шаҳар бўлимига, Андижон шаҳридаги сектор раҳбарларига тўлов ваучерлари тантанали равишда топширилди.
[gallery-9271]
– Маҳалламиздаги ёшлар етакчиси тавсияси билан муддатли ҳарбий хизматни ўташим учун тўланадиган тўлов Ёшлар ишлари агентлиги жамғармаси томонидан қоплаб бериладиган бўлди, – дейди Андижон шаҳар Янги турмуш кўчасида яшовчи Музаффар Қиличев. – Биз ёшлар кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик учун юртбошимиздан миннатдормиз.
Умуман “Ёшлар дафтари” жамғармаси томонидан дафтарга киритилган 200 нафар йигит-қизнинг муддатли ҳарбий хизматни ўташи, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши ва бошқа бир қатор йўналишлардаги харажатлари қоплаб берилди.
Тадбир иштирокчилари Андижон шаҳридаги Аҳмад Яссавий маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Давронбек Фармонов фаолияти мисолида ёшлар етакчилари томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Юсуф Абсоатов вилоятдаги олий таълим муассасаларининг контракт тўловлари қоплаб берилаётган ёшларни тақдирлади. Андижон давлат университети ректори Акрамжон Юлдашевга тўлов суммаси кўрсатилган ваучерни топширди.
Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Дониёр Рустамов бир қатор умумтаълим мактабларига компьютер сотиб олиш учун маблағ ажратилганлиги ҳақидаги ваучерни Андижон шаҳар халқ таълими бўлими раҳбарига топширди.
Тақдирлаш тадбири якунида санъаткорлар томонидан бадиий дастур намойиш этилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА