Ёшлар божхона фаолияти билан танишишди
Ёшларни божхона тизими фаолияти билан яқиндан таништириш, уларнинг касбий қизиқишларини ошириш ва келажакда тўғри касб танлашларига кўмаклашиш мақсадида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Гулистон филиали ўқувчилари учун «Сирдарё» чегара божхона постида «Очиқ эшиклар куни» ташкил этилди.
Мактабда ўтказилган учрашувда билдирилган таклифлар асосида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир ўқувчиларга божхона тизими фаолияти, замонавий назорат технологиялари ва соҳадаги касбий имкониятлар билан бевосита танишиш имконини берди.

Ташриф давомида ёшларга чегара божхона постидаги хизмат жараёнлари, божхона назоратини амалга ошириш тартиби, йўловчилар учун яратилган қулайликлар ҳамда назоратда қўлланиладиган замонавий техник воситалар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, рақамлаштирилган божхона тизимларининг имкониятлари ва уларнинг хизматлар самарадорлигини оширишдаги аҳамияти тушунтирилди.

Айниқса, замонавий «Z-Portal» инспекцион-кўрик мажмуасининг ишлаш жараёни ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу қурилма ташқи савдо юклари ортилган автотранспорт воситаларини тезкор текшириш, божхона назорати самарадорлигини ошириш ва постнинг ўтказувчанлик имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.

— «Сирдарё» чегара божхона пости орқали юк автотранспорт воситалари жадал ҳаракатланади. 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида пост орқали 105 мингдан ортиқ юк автотранспорт воситаси ўтган. Бу кунига ўртача 380–420 та транспорт воситасини ташкил этади.
Айн пайтда божхона постида АҚШ дан келтирилган замонавий «Z-Portal» рентген қурилмасининг ўрнатилиши назорат имкониятларини янада кенгайтирди. Натижада мамлакатимизга кириб келаётган барча автотранспорт воситаларини мазкур қурилма ёрдамида текшириш йўлга қўйилиб, кириш йўналишидаги назорат қамрови тўлиқ таъминланди, — дейди «Сирдарё» чегара божхона пости бошлиғи ўринбосари, майор Соҳибжон Солиев.

Маълумотларга кўра, пост орқали ҳаракатланган автотранспорт воситаларини рентген қурилмалари ёрдамида текшириш жараёнида 86 та ҳолатда жами 7 миллиард сўмлик ноқонуний товар-моддий бойликлар аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган. Бу эса замонавий технологиялар қонунбузарликларни аниқлаш ва божхона назорати самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади.

Ташриф чоғида ўқувчилар хизмат итлари иштирокидаги кўргазмали чиқишларни ҳам томоша қилдилар. Намойишлар орқали хизмат итларининг божхона назоратидаги ўрни, тақиқланган ва ноқонуний олиб ўтилаётган буюмларни аниқлашдаги имкониятлари кўрсатиб берилди.

Очиқ мулоқот давомида ёшлар божхона органларида хизмат ўташ тартиби, ходимлар учун яратилган шароитлар, мавжуд касбий йўналишлар ва божхона хизматида ишлаш истагидаги номзодларга қўйиладиган талаблар ҳақида батафсил маълумот олдилар. Улар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан жавоб олиб, божхона хизматига оид касблар ҳақидаги тасаввурларини янада бойитдилар.

Замонавий технологиялар, малакали мутахассислар ва самарали назорат тизими уйғунлигини бевосита кузатиш ўқувчилар учун нафақат қизиқарли тажриба, балки келажакдаги касбий йўналишларини белгилашда ҳам муҳим имконият бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири