Ёшлар билан очиқ мулоқот
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси томонидан Тошкент шаҳар Учтепа туманида жойлашган 38-сонли ва 203-сонли умумтаълим мактабларида “Ёшлар куни” доирасида ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Ёшлар билан бевосита мулоқот ўрнатиш, уларнинг қизиқишлари, муаммолари ва таклифларини ўрганиш, шунингдек, келгусида уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор йўналишларни белгилаб олиш мақсадида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққан мутасаддилар томонидан ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва хавфсизлик маданиятини юксалтириш борасидаги долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, ёшларга яратилаётган имкониятлар, давлатимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбир доирасида ўқувчи-ёшларга ёнғин-қутқарув хизматида фойдаланиладиган махсус техникалар ва асбоб-ускуналар намойиш этилди ҳамда зилзила вақтида тўғри ҳаракатланиш зилзила мобиль симулятори орқали батафсил тушунтириб берилди. Ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Учрашув ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда келгусидаги касбий йўналишларини белгилашда муҳим аҳамият касб этди.
Шу билан бирга, Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган сайиллар ташкил этилиб, миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур тадбир ёшларнинг маънавий-руҳий дунёқарашини бойитиш, ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилди.


Гулноза Бобоева, ЎзА