Ёш сиёсатшунослар билан очиқ мулоқот
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва Нукус шаҳар кенгаши томонидан “Партия эшиги - барча учун очиқ” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Унда партия масъул ходимлари, Қорақалпоқ давлат университети профессор-ўқитувчилари, сиёсатшунослик йўналишининг талаба ёшлар, партия фаоллари ва “Ёшлар қаноти” аъзолари иштирок этди.

Тадбирда дастлаб, Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари Х.Ешимбетов ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди. Мулоқот давомида ёшларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштироки, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, сиёсий ва ҳуқуқий билимларини ошириш ҳамда партия фаолиятида ёшларнинг иштирокини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Шундан сўнг, партиянинг 35 йиллик тарихи, босиб ўтган йўли ва бугунги кундаги фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Тадбир доирасида иштирокчилар Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашидаги “Ўзбекистон Халқ демократик партияси музейи”да бўлиб, партиянинг ташкил этилиши ва ривожланиш босқичлари, сайловларда иштироки, депутатлик фаолияти, архив ҳужжатлари, тарғибот воситалари, фотосуратлар ва бошқа тарихий материаллар билан танишди.

Айниқса, музейдаги тарихий ҳужжатлар ва экспонатлар ёшларда катта қизиқиш уйғотиб, уларнинг партия тарихи ва сиёсий жараёнлар ҳақидаги тасаввурини бойитди. Талаба ёшлар бундай учрашувлар сиёсий-ҳуқуқий билимларни ошириш ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, фикр ва таассуротларини билдирди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири