Ёш шахматчиларимиз жаҳон чемпионатида 8 та медалга сазовор бўлди
Сербиянинг Врнячка-Баня шаҳрида 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида ўтказилган ФИДЕ жаҳон чемпионатининг рапид ва блиц йўналишидаги баҳслари поёнига етди.
15-17 апрель кунлари ташкил этилган рапид йўналиши сарҳисобига кўра ҳамюртимиз Афруза Ҳамдамова 18 ёшгача бўлган қизлар мусобақасида 11 имкониятдан 8,5 очко жамғариб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритган бўлса,12 ёшгача ўғил болалар ўртасида Исломбек Ҳусанов бронза медалини, Ҳуснорахон Ҳусниддинова масалалар ечиш йўналишида кумуш медаль соҳиби бўлган эди.
Кеча блиц йўналиши бўйича жаҳон чемпионатининг сўнгги мусобақалари бўлиб ўтди.

Чемпионат якунларига кўра, блиц йўналишининг ўғил болалар ўртасидаги мусобақаларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Муҳаммадюсуф Баҳромов 7,5 очко билан (8 ёшгача) 4-ўринни, Исломбек Ҳусанов 8,5 очко билан (10 ёшгача) 3-ўринни, Ҳумоюн Бекмуродов 8,5 очко билан (16 ёшгача) 2-ўринни, Муҳаммадзоҳид Суяров 7,5 очко билан (18 ёшгача) 4-ўринни эгаллади.
Қизлар ўртасидаги блиц баҳсларида Афруза Ҳамдамова 9 очко билан кумуш медалга эга чиқди. Шунингдек, Фарзонабону Бозорова 8,5 очко билан 10 ёшгача бўлган шахматчи қизлар мусобақасида кумуш, Ҳуснорахон Ҳусниддинова 7,5 очко билан 12 ёшгача бўлганлар орасида бронза медали соҳибига айланди.

Мусобақалар доирасида ёш тоифалари бўйича ташкил этилган жамоавий мусобақаларда 14 ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида Ўзбекистон жамоаси бронза медалини қўлга киритди.
Жаҳон чемпионатини умумий ҳисобда ёш шахматчиларимиз 1 та олтин, 3 та кумуш, 4 та бронза медали билан якунлади.
Бугун жаҳон профессионал шахматида юксак натижалар қайд этиб келаётган Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Ёқуббоевлар ҳам илк фаолиятини ёш болалар ўртасидаги халқаро мусобақаларда зафар қучишдан бошлаган.
Ўзбек шахматининг яна бир янги авлоди Ватан довруғини достон этиш йўлидаги улуғ довон сари юришга киришгани барчамизни қувонтиради.
Т.Рўзиев, ЎзА