Ёш шахматчиларимиз халқаро турнирда ғолибликка эришди
Пойтахтимизда халқаро спорт устаси ҳамда халқаро гроссмейстер унвонлари учун нормативларни бажариш бўйича ўтказилган “Tashkent GM Round Robin” ва “Tashkent IM Round Robin” турнирларида ўзбекистонлик шахматчилар муваффақиятга эришди.
Нуфузли мусобақаларда 8 та давлатнинг 20 нафар маҳоратли шахматчиси дона сурди.
9 та турдан иборат “Tashkent IM Round Robin” баҳсларида Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Ўзбекистон шахматчилари куч синашди.

Шунингдек, “Tashkent GM Round Robin” йўналишида эса Беларусь, Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Украина, Ўзбекистон вакиллари ўз омадларини синовдан ўтказди.

Муросасиз баҳсларга бой кечган “Tashkent IM Round Robin” йўналишида ҳамюртимиз Абдумажид Ботиралиев 6,5 очко билан 1-ўринни эгаллади ва +147 рейтинг очкоси жамғаришга муваффақ бўлди. 2- ва 3-ўрин 5,5 очкога эга қозоғистонлик Абдулмансур Абдулхайирга ва қирғизистонлик Никита Хорошевга насиб этди.

“Tashkent GM Round Robin” мусобақаларида эса терма жамоамиз аъзолари Асрор Омонов ҳамда Ортиқ Нигматов 1 ва 2-ўринлардан жой олган бўлса, украиналик Виталий Бернадский 5,5 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига кучли учликка якун ясади.
Т.Рўзиев,
ЎзА