“Ёш қутқарувчи” мусобақаси ғолиблари аниқланди
Навоий шаҳридаги “Сўғдиёна” ўйингоҳида “Ёш қутқарувчи” ҳарбий спорт мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, спорт тадбирлари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, шунингдек, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш мақсадида ташкил этилган мусобақада туман ва шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритган жамоалар иштирок этди.


Иштирокчилар аҳолини фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш соҳаси бўйича савол-жавоб, шифокоргача биринчи ёрдам кўрсатиш ва ёнғин ўчириш эстафетаси каби шартлар асосида ўзаро беллашдилар.


Мусобақа якуний натижаларига кўра, 1-ўринни Учқудуқ туманидаги 10-мактабининг “Қалқон” жамоаси, 2-ўринни Навоий шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг “Спасатель” жамоаси, 3-ўринни эса Кармана туманидаги 16-умумтаълим мактабининг “Халоскорлар” жамоаси эгаллади.

Ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, фаол иштирокчилар муносиб тақдирландилар.
А.Бўриев, ЎзА мухбири