“Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаси кундалиги: ҳарбийлаштирилган эстафета
Эрта тонгдан мусобақа иштирокчилари катта шижоат билан ҳарбийлаштирилган эстафета шартларини бажаришга киришди.
Эътиборли жиҳати, шартлар ҳарбий дала кийимида ва реал вазиятларга яқинлаштирилган шароитларда ўтказилгани ўқувчи ёшларнинг илк ҳарбий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Дастлаб жамоалар азимут бўйича ҳаракатланиш шарти асосида компас ёрдамида белгиланган нуқталарни топди.
Кейинги шартда иштирокчилар 25 метр масофадаги нишонга граната улоқтириб, нишонни аниқ мўлжалга олиш борасидаги маҳоратини намоён этди.
[gallery-29531]
Шундан сўнг гуруҳ таркибида зарарланган ҳудуддан ўтиш шарти бажарилди. Унда ўғил-қизлар газниқобларни тез ва тўғри кийган ҳолда жамоавий ҳаракатланиши талаб этилди. Эпчил ва чаққон ёш чегарачилар ушбу вазифани ҳам аҳилликда адо этди.
Ҳарбийлаштирилган эстафета доирасида тўсиқлар йўлаги ҳамда сим тўсиқлардан ўтиш жараёнлари ҳам муваффақиятли амалга оширилди.
Навбатдаги шартда иштирокчилар яраланганларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича эгаллаган билим ва кўникмаларини амалда намоён қилди.
Ўқ-дориларни белгиланган ҳудудга тезкор етказиб бериш вазифаси ҳам жамоалар томонидан ҳамжиҳатлик билан бажарилди.
Эстафетанинг кейинги босқичи компьютерли тренажёрда ўқ отиш машқи бўлиб, унда ҳар бир жамоадан уч нафардан иштирокчи қатнашди ва ўз мерганлигини синовдан ўтказди.
Умуман, ҳарбийлаштирилган эстафета шартлари барча жамоалар томонидан эпчиллик, чаққонлик ва маҳорат билан бажарилди.
Майор Фарида Бобожонова
III даражали сержант Шаҳзод Ёдгоров, (ЎзА)