Ёш атлетлар Тошкентда жам бўлди
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси стадионида лангар чўпга таяниб сакраш бўйича катталар ва 18 ёшгача бўлган атлетлар орасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
Чемпионатда 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасида Додарҳо Иброҳимова 2,30 метр натижа билан мамлакат чемпионига айланган бўлса, ушбу ёш тоифасидаги ўғил болалар орасида Абдутолиб Комилбоев 3,10 метр баландликни забт этган ҳолда олтин медални қўлга киритди.
Эркаклар ўртасидаги баҳсларда эса Дониёр Қўчқоров 4 метр натижа қайд этган ҳолда шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Шунингдек, Ҳаёт Али Пўлатов (3,80 м.) мазкур йўналишда кумуш, Озодбек Тошбеков (3,50 м.) эса бронза медалига лойиқ кўрилди.
Маълумот учун, 19-20 март кунлар U14 тоифасидаги ўғил ва қизлар орасида Қарши шаҳрида, U20 тоифасидаги йигит ва қизлар ўртасида Тошкент шаҳрида енгил атлетиканинг турли йўналишлари бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА