Йўллар таъмири: ҳудудлардаги ишлар кўлами қандай?
Йўллар — аҳоли кундалик ҳаёти, ҳудудлар иқтисодий фаоллиги ва транспорт ҳаракатининг барқарорлигини таъминловчи муҳим инфратузилма.
Шу боис ҳудудларда йўлларни таъмирлаш, реконструкция қилиш ва ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда жойларда йўлларнинг ҳолатини яхшилаш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли учун қулай транспорт шароитини яратиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотларни тақдим этди.

БУХОРО. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади – “Инсон қадри учун” тамойилини амалда таъминлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш ва ҳудудларда замонавий инфратузилмани шакллантиришдан иборат. Бу борада Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари алоҳида қайд этиш мумкин.
Хусусан, тумандаги “Дарғали” маҳалла фуқаролар йиғинида йўл инфратузилмасини яхшилаш ва аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш борасида манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айни кунларда маҳалланинг “Оқработ” қишлоғида 1,5 километр, шунингдек, Барҳаёт қишлоғида 4,1 километр масофадаги ички йўлларни асфальтлаштириш ишлари қизғин давом этмоқда. Айниқса, “Барҳаёт” қишлоғининг барча ички йўллари тўлиқ асфальтлаштирилгани маҳалла аҳли учун узоқ кутилган қувончли воқеа бўлди. Йиллар давомида аҳолини қийнаб келган, айниқса, ёғин-сочинли кунларда турли ноқулайликлар туғдирган йўл муаммоси фуқароларнинг мурожаатлари асосида ўз вақтида амалий ечим топди. Жами 5,6 километрдан ортиқ ички йўлларнинг равон ва сифатли ҳолатга келтирилиши натижасида қишлоқлараро ва маҳалла ичидаги транспорт ҳаракати хавфсиз ва қулай кўринишга келди.

НАВОИЙ. Навоий вилояти ҳам бу каби ўзгаришлардан четда қолмаяпти. Конимех тумани “Гулистон” маҳалласининг ички йўлларида асфальтлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ҳудудда ёритиш тармоқлари ўрнатилаётгани натижасида аҳоли учун янада қулай шароитлар яратилмоқда. Мазкур амалий ишлар натижасида маҳалланинг ички йўллари обод қилиниб, ҳудуднинг ташқи қиёфаси янада чирой очмоқда. Бунёдкорлик ишлари Конимех тумани Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан 10 дона махсус техника ва 15 нафар ишчи-ходим жалб этилган ҳолда амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари Конимех тумани Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан халқаро аҳамиятга эга А379 “Навоий – Учқудуқ, Зарафшон шаҳри орқали” автомобил йўлининг 98–101-километрлари оралиғида ҳам таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур ишлар йўлнинг техник ҳолатини яхшилаш, транспорт воситаларининг хавфсиз ва қулай ҳаракатланишини таъминлашга қаратилган. Кармана тумани Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан давлат аҳамиятига эга Д188 (4Р69) “А380 автомобил йўли (220 km.) – Бухоро паррандачилик фабрикаси – Сиёзпоён қ. – 41-темир йўл разъезди – “Тўдакўл” кўли – Навоий ш.” автомобил йўлида содир бўлган табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.

СУРХОНДАРЁ. Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида маҳаллий аҳамиятдаги автомобил йўлларининг ҳолатини яхшилаш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш мақсадида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Сариосиё тумани Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан маҳаллий аҳамиятдаги 75В 048 “Тортули–Ғазарак–Эрман” автомобил йўлида асфальт-бетон қопламасини ётқизиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бойсун тумани Йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси томонидан туманнинг “Темир дарвоза” МФЙ ҳудудида жойлашган ички хўжалик автомобил йўлида тегишли қарор ижросини таъминлаш мақсадида йўл қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда мазкур йўлда майда заррали иссиқ асфальт-бетон қоришмаси ёрдамида йўл қопламасини барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу ишларнинг асосий мақсади аҳоли учун қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитини яратиш, йўлнинг транспорт қатнови учун яроқлилигини ошириш ҳамда ҳудуд йўл инфратузилмасини янада яхшилашдан иборат. Ангор тумани Йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси томонидан Д165 автомобил йўлининг 38–39-километрлари оралиғида асфальтлаш ишлари олиб борилмоқда.

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН. Қорақалпоғистон Республикаси Д234 “Нукус—Чимбой—Тахтакўпир” автомобил йўлининг Кегайли тумани ҳудудидан ўтувчи 21–22-километр қисмида йўлни кенгайтириш ишлари бошлаб юборилган. Йўлнинг ушбу қисми аввал 12 метр кенгликда бўлган. Амалга оширилаётган ишлар якунлангач, йўлнинг эни 22 метрга етказилади. Бу эса мазкур ҳудудда транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун янада қулай шароит яратиш, йўлнинг ўтказувчанлигини ошириш ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
ХОРАЗМ. Хоразм вилоятидаги 2 202 километр автомобил йўлида ҳам қиш мавсумида хавфсиз ва узлуксиз ҳаракатни таъминлаш учун зарур материаллар ҳамда 117 та махсус техника шай ҳолатга келтирилган.

САМАРҚАНД. Самарқанд М37 “Самарқанд - Бухоро – Туркманбоши” автомобил йўлининг Нарпай тумани ҳудудидан ўтувчи 105-км қисмида ва Д075 автомобил йўлининг 5-км қисмида жойлашган кесишмада ер ости пиёдалар ўтиш йўли қурилмоқда. Объект буюртмачиси Самарқанд АЙББ, лойиҳачи – “Йўл инжиниринг лойиҳа” МЧЖ, объект бош пудратчиси эса “Ўзйўлкўприк” кластери Самарқанд филиали ДМ. Лойиҳа доирасида пиёдалар ўтиш йўлагининг асосий ўтиш қисмида қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, ҳозирда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Объектдаги таъмирлаш-тиклаш ишларига 12 та махсус техника ҳамда 40 нафардан зиёд ишчи-ходим жалб этилган. Қурилиш-монтаж ишлари 2026-йилнинг июн ойида бошланган бўлиб, объектни 2026-йилнинг октабр ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
НАМАНГАН. Наманган вилояти Учқўрғон, Уйчи ва Норин туманлари аҳолиси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган йирик инфратузилма лойиҳасининг қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.Норин дарёси устида янги қуриб битказилган кўприкка олиб келувчи мазкур автомобил йўли аҳоли учун ҳаракатланиш масофасини қисқартириб, транспорт қатновини янада қулайлаштиради. Ушбу йўлнинг Учқўрғон тумани, «Қозоқовул» маҳалласидан ўтувчи қисми 5,5 километрни ташкил этиб, айни пайтда бу ерда асос тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.Мазкур кўприк ва йўл фойдаланишга топширилгач давлат аҳамиятидаги Д 109 (4Р 116) “Наманган ш.–Уйчи ш.–Учқўрғон ш.–Хаққулобод ш.–Андижон ш.” автомобил йўлидаги транспорт оқими ва тирбандликларни сезиларли даражада камайтириш имконини беради.

СИРДАРЁ. Сирдарё туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ходимлари томонидан Сардоба туманидан ўтувчи Д063а автомобил йўлида йўл қопламасининг ҳолатини яхшилаш, транспорт воситаларининг хавфсиз ва қулай ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ишлар йўлнинг белгиланган қисмларида босқичма-босқич олиб борилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда йўл қопламасининг фойдаланиш ҳолатини яхшилашга қаратилган.

Бугунги кунда йўлларни таъмирлаш ва уларнинг сифатини яхшилаш ишлари ҳудудларни комплекс ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад — аҳоли учун хавфсиз ва қулай ҳаракат шароитини яратиш, транспорт қатновини енгиллаштириш ҳамда йўл инфратузилмасини замонавий талаблар асосида такомиллаштиришдир. Зеро, сифатли йўл нафақат манзилга тез ва хавфсиз етиб бориш, балки ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий ривожи учун ҳам муҳим омил ҳисобланади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА