Йирик инвестиция лойиҳалари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади
Адлия вазирлиги Йирик инвестиция лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва уларнинг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисидаги йўриқномани давлат рўйхатидан ўтказди.
Йирик инвестиция лойиҳаси молиявий ресурслар қиймати камида 50,0 миллион АҚШ доллари эквивалентида жалб этилган ҳолда амалга ошириладиган, иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга объектлар, хизматлар ёки бошқа инфратузилмани яратиш, кенгайтириш ёки модернизация қилишга қаратилган инвестиция лойиҳалари ҳисобланади.
Йирик инвестиция лойиҳасини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва уларнинг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан амалга оширилади.
Йирик инвестиция лойиҳасининг хавф даражаси юқори бўлган тақдирда лойиҳанинг мақбуллиги ва амалга ошириш имконияти бўйича салбий хулоса берилади.
Экспертиза ёки баҳолаш натижалари бўйича салбий хулоса берилган бўлса, экспертиза ва баҳолаш хулосаларида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмасдан Йирик инвестиция лойиҳасини маъқуллашга йўл қўйилмайди.
Н.Абдураимова, ЎзА