Йилнинг энг фаол нуроний-мураббийлари тақдирланди
Қарши шаҳридаги Маънавият масканида “Йилнинг энг фаол нуроний-мураббийси” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоиз, кўпни кўрган, бой ҳаётий тажрибага эга нуронийларнинг ҳаёт йўллари, пурҳикмат насиҳатлари ёш авлодни ҳамиша яхшилик, эзгулик сари етаклайди.
Эътиборли жиҳати, бугун бу тамойил Ҳукуматимиз томонидан ёшлар тарбияси йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳам ўз аксини топмоқда.
Хусусан, 2021 йилнинг 19 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг видеоселектор тарзида ўтказилган мажлиснинг 3-сон баёни 37-бандида 2021 йил март ойидан бошлаб ҳудудларда “Ҳар бир нуроний - беш нафар ёшга мураббий” тамойили асосида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида нуронийларни ёшларга бириктириш бўйича янги тизим жорий этиш вазифаси белгилаб берилган эди.
[gallery-5043]
Шунга кўра, Қашқадарё вилоятида ҳам катта ҳаётий тажрибага эга, обрў-эътиборли, ташаббускор нуронийлар, фаол кексалар ва фахрийларга маҳаллаларда истиқомат қилаётган 5 нафардан тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож, уюшмаган, ишсиз ёшлар бириктирилган.
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ташаббуси билан вилоят Маънавият ва маърифат кенгаши, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси "Нуронийлар" кенгаши ҳамда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Йилнинг энг фаол нуроний-мураббийси” кўрик-танлови ҳам Қашқадарё вилоятида ушбу тамойил асосида иш олиб бораётган ва бу борада юқори натижаларга эришаётган нуронийларни аниқлаш ва рағбатлантириш, қолаверса, уларнинг тажрибаларини кенг оммалаштиришни назарда тутади, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова. - Танловнинг дастлабки босқичи туман (шаҳар)лар миқёсида ўтказилиб, унда ғолиб бўлган 15 нафар иштирокчи вилоят босқичига йўлланма олган эди. Вилоят босқичида ҳам иштирокчилар учта шарт бўйича ўзаро беллашди.
Якуний натижаларга кўра, яккабоғлик Шоҳида Эрраҳматова энг кўп балл тўплаб, олий ўринга сазовор бўлди.
- Узоқ йиллар давомида тумандаги 6-умумий ўрта таълим мактабида ёшларга сабоқ берган бўлсам, бугун маҳалла фаолига айланганимдан бахтиёрман, - дейди Шоҳида Эрраҳматова. - Йил бошида ўзим истиқомат қилаётган Мевазор маҳалласига чақириб, 5 нафар ишсиз ҳамда оиласи нотинч ёшларни бириктириб беришган эди. Шу ёшларни ўз фарзандларим билан бир хил кўриб, йил бўйи елиб-югурдим. Меҳнатларим бесамар кетмади. Бугун ишсиз, оиласидан ажрашган бир қизимиз кредит олиб, тикувчилик фаолиятини йўлга қўйишга эришди. Оиласи нотинч бўлган яна бир қизимиз эса ҳозир турмуш ўртоғи билан ярашиб, аҳил-иноқ яшамоқда. Бир йигитимиз олийгоҳ талабасига айланди, қолган иккаласига ҳам маҳалланинг ўзидан яхши иш топиб беришга эришдик.
Якунда Қарши шаҳри вакили – Ички ишлар вазирлиги фахрийси Содиқ Исломов 1-ўринни қўлга киритган бўлса, 2-ўрин шаҳрисабзлик ижодкор, “Турон” фанлар академияси академиги, Халқ таълими аълочиси Бозор Болтаевга насиб этди. Қарши туманилик Ҳукм Имомов эса 3-ўринга сазовор бўлди.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА