Ёшлар овозига қулоқ тутиш жуда муҳим!
Дарҳақиқат, COVID-19 пандемияси бутун дунёда жиддий иқтисодий ва ижтимоий оқибатларни юзага чиқарди.
Муносабат
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 12 август – Халқаро ёшлар куни муносабати билан ўз ишини бошлаган “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида ташкил этилган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми иштирокчиларига табрик йўллади.
Давлатимиз раҳбари анжуманда қатнашаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЮНЕСКО, Халқаро меҳнат ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот, Парламентлараро иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакиллари ва бошқа шерикларга миннатдорлик билдирди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ёшлар масаласини кўтариб, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини илгари сурганди. Ваҳоланки, ҳозиргача инсониятнинг барча қатламларига тегишли ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи норматив ҳужжатлар қаторида ёшлар билан боғлиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжат йўқлиги ушбу масала нақадар долзарблигидан дарак беради. Шунга кўра, Ўзбекистон Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу жараёнда ёшлар масаласига бағишланган жаҳон тажрибаси кенг миқёсда ўрганилди. БМТ ва шу ташкилот билан боғлиқ халқаро тузилмалар (Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Парламентлараро иттифоқ ва бошқалар) томонидан ёшлар ва ёшлар сиёсатига оид 30 дан ортиқ универсал ҳамда минтақавий ташкилот (Африка Иттифоқи, Америка давлатлари ташкилоти, Европа Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва бошқалар) доирасида 20 дан зиёд халқаро ҳужжат эътиборга олинди. Ўз ўрнида, конвенция лойиҳаси турли даражадаги муҳокама жараёнларидан ўтди. Самарқанд форуми эса ушбу лойиҳанинг энг йирик муҳокамасига бағишланди.
Мазкур форум дастуридан ёшлар ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш мақсадлари орасидаги боғлиқлик, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги билими ва ҳуқуқий онгини ошириш, 2030 йилгача янада хавфсизроқ келажакни қуриш, тинчлик ва осойишталикни таъминлашда ёшларнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш масалалари ҳам ўрин олган.
–Келажакка интилиб яшайдиган ёш авлод сайёрамизда фаровон ҳаёт ва юксак тараққиёт барқарор бўлиши учун янги ғоялар ва ижодий руҳдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширадиган беқиёс кучдир, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Дарҳақиқат, COVID-19 пандемияси бутун дунёда жиддий иқтисодий ва ижтимоий оқибатларни юзага чиқарди. Бундай вазиятда, айниқса, аҳолининг ёшлардан ташкил топган қатлами алоҳида ҳимояга муҳтож экани кўриниб қолди. Коронавирус инфекцияси тарқалиши туфайли таълим-тарбия, ишлаб-чиқариш соҳалари ривожланишида муайян тўсиқлар пайдо бўлиб, ёшлар билан боғлиқ бир қатор ижтимоий муаммолар келиб чиқди.
Вазиятга ҳаққоний баҳо берар экан: “Бундай шароитда ёшларнинг овозига қулоқ тутиш жуда муҳимдир”, деди давлатимиз раҳбари. Зеро, ёшлар эҳтиёжини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда бевосита иштирок этиш учун ёшларнинг ўзига имконият яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари тузилгани, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилгани юртимизда соҳа ривожи сари қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди.
Ҳозирги вақтда “Ўзбекистон ёшлари – 2025” концепцияси ишлаб чиқилмоқда, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолашнинг ягона мезони, ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекси жорий этишни кўзлайдиган ҳуқуқий-норматив ҳужжат тайёрланиши кутилмоқда.
Самарқанд форуми доирасида сўзга чиққан халқаро эксперт Адиш Агарвала давлатимиз раҳбарининг нутқига баҳо бераркан: “Ўзбекистон Республикаси Президенти дунё давлатлари ўртасида ёшлар масаласини қўллаб-қувватловчи энг фаол ва ташаббускор раҳбардир”, дея эътироф этди.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз раҳбарининг нафақат юртимиз, балки ер юзидаги барча ёшлар шароитини яхшилаш, давлат ва жамият қурилишидаги ўрнини мустаҳкамлаш борасидаги сайъ-ҳаракатлари келажакда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган.
Ойдин Абдуллаева,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати.