"Ёрқин" маҳалласида бир кун
Марғилон шаҳри марказидаги “Ёрқин” маҳалла фуқаролар йиғинида қайноқ ҳаёт гувоҳи бўлдик. Бу ердаги кўрган-билганларимиз эса фазилатли маскандаги меҳнатсеварлик ва одамийликка бўлган ҳайрату ҳавасимизни янада оширди.
Аслида ташвишсиз одам, муаммосиз маҳалланинг ўзи йўқ. Кимдир тирикчилик, кимдир беморлик қайғуси билан ёнса, яна кимдир тотув ҳаёт орзумандаси. Кишилар бирда қувончли, бирда оғриқли мурожаатлари билан маҳаллага юзланишади, зотан, бу манзилда ўз номаи ҳолларини жон қулоқ билан тинглагувчи, ҳожатини равон қилгувчилар борлигига ишонадилар.
Марғилон шаҳри марказидаги “Ёрқин” маҳалла фуқаролар йиғинида қайноқ ҳаёт гувоҳи бўлдик. Бу ердаги кўрган-билганларимиз эса фазилатли маскандаги меҳнатсеварлик ва одамийликка бўлган ҳайрату ҳавасимизни янада оширди.
Аввало, “Ёрқин”нинг кўркам биноси, ундаги қулай шароит кўнглингизни яшнатади. Бино пештоқига илинган лавҳадаги Ҳазрат Навоийнинг “Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами” деган сатрлар бу даргоҳда халқнинг муроди улуғвор мақсад эканлигига ишора бераётгандай.
— Йиғинимиз биноси саховатли тадбиркор, маҳалла фарзанди Нодирбек Рўзибоевнинг беғараз кўмаги билан қуриб битказилган, — дейди маҳалла йиғини раисининг ўринбосари Ибодатхон Ҳожиболаева. — Ҳудудимизнинг 3100 нафардан зиёд аҳолиси Мустақиллик, Бурҳониддин Марғилоний, Имом Заҳириддин, Авлиёхон Муҳаммадиев, Обод Марғилон, Туркистон каби ўнта кўчада истиқомат қилишади. Бошқача қилиб айтганда, маҳалламиз 715 та оиланинг кичик ватанидир.
Ҳа, кичик ватаннинг ўз анъаналари, талаб ва қоидалари борки, булар маҳаллада фаровон, тўкин ҳаётни кафолатлаб келаётир. Аввало, ҳар бир оилада миллий қадриятларга ҳурмат, ёши улуғларга эҳтиром билан бир қаторда меҳнатсеварлик, ҳунарга муҳаббат устувордир. Буни ҳудудда миллий ҳунармандчиликнинг 20 дан ортиқ тури билан шуғулланувчи минглаб усталарнинг борлиги ҳам исботлайди. Қолаверса, маҳаллада ипак илмий тадқиқот институти, вилоят саноат туризмининг йирик маркази – “Ёдгорлик” мажмуаси жойлашганлигининг ўзиёқ ипакчилик, тўқувчилик ҳунарлари ривожига кенг йўл очган, дея оламиз.
Айни дамда миллий атлас-адрас, шойи ипак матоларининг нодир намуналари ўнлаб тўқувчи сулолаларнинг Ҳасанбой ва Ҳусанбой Мадаминовлар, Жамолхон ва Жаҳонгирхон Асқаровлар, Алижон Абдухалилов сингари моҳир давомчилари томонидан яратилмоқда.

25 йиллик уста косиблар Илҳомжон ва Пўлатжон Сиддиқовлар хонадонида замонавий ускуналар кўмагида тайёрланаётган аёллар ва эркаклар оёқ кийимлари аллақачон вилоятимиз бозорларига кириб борган. Комилжон Аҳмедов, Бобурхон Баҳодиров каби ёш ҳунармандлар тикаётган катталар ва болалар оёқ кийимлари эса бежиримлиги, сифати билан хорижникидан қолишмайди.
37 йилдан буён ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланаётган Ғуломшер ота Ҳожиболаев маҳалланинг тажрибали ҳунармандларидан. Унинг миллий нақши нигорлар акс эттирилиб, пухта ишлов берилган ёғоч эшик-ромлари, дарвоза, сўри ва айвонларининг довруғи водий бўйлаб таралган. Пойтахтдаги ўнлаб ўзбекона хонадонларга Ғуломшер ота ясаган ёғоч айвонлар кўрк бағишлаб турибди.
Темирчилик ҳунари Самандар ва Дилмурод Исақовларга бобомерос. Темирчи Алижон бобони марғилонлик нуронийлар яхши танишади, ноёб иқтидорини ёдга олишади. Унинг ўғли Муроджон ота ҳамон оташ ловуллаган устахонада жавлон уради. Темир ва тунука хом ашёсидан 100 турга яқин рўзғор ва қишлоқ хўжалиги буюмлари ясаётган уста ўғлонлар ҳам ҳунарнинг зийнати, баракасини олдилар. Маҳалланинг Абдурашид Собировдек устаси ҳам борки, нафақат шаҳар, балки унга ёндош туманлар, қўшни вилоятларда ҳам у ясаган темир дарвоза, панжара ва ишкомларни сўраб келгувчилар бисёр.
Дўппидўз Эъзозахон Ғозиева, тўнчи Муҳаббатхон Аҳмедова, қандолатчи Абдужалил Ҳасанов, пластик эшик-ром устаси Абдулҳай Охуновларнинг ҳунарга муҳаббат, меҳнатсеварлик ортидан юксалган толеини кўриб, Марғилон ҳунармандларининг фазлу камолига тасаннолар айтасиз. Асли иқтисодчи бўлса-да, 400 тадан зиёд бадиий китоблар жам бўлган оилавий кутубхона соҳиби Эргашбой ота Мирзаалиев сингари чинакам китобсевар нуронийларининг борлиги ҳам ғурурланарли, албатта. Маҳалланинг сурати ва сийратидаги шарқоналик, обод қиёфа, нодир қўллар томонидан миллий ҳунармандчилик анъаналарининг асралиб, сайқалланиб келинаётгани ҳудуднинг тез фурсатларда туризм маҳалласига айлантирилишига асос бўлади. Маҳаллада 4 та уй-меҳмонхона қурилиши режалаштирилмоқда.
“Ёрқин”нинг қалбларга ёруғлик олиб кирувчи фазилатлари кўп. Ибрат кўзгусига айланган фаровон, тотув оилалар, сўзи ҳам, ўзи ҳам улуғвор кайвонилари, фидойи инсонлар, шубҳасиз, унинг тожи, ушбу манзилдаги яхшиликларнинг сабабчиси ҳамдир. Буни биргина Шаҳзода она Рўзибоева бошчилигидан хонадон мисолида ҳам кўрдик.
Шинам ва гўзал ҳовлисининг четларига гулу райҳонлар қадалган йўлакларидан юриб келаётган онахон уч ўғлининг касби камолидан, уларнинг, аввало, маҳалласига, эл-у юртига келтираётган нафидан боши осмонда. Маҳалла фуқаролар йиғини биносини қуриб берган, маҳалладошлари муаммолари ечимига қўл чўзиб, муҳтожларга кўмак бераётган тадбиркор Нодирбек Рўзибоев онахоннинг тўнғич фарзанди. Укалари Давронбек ва Давлатбеклар ҳам унга елкадош. Пандемия даврида саховатпеша оила томонидан беминнат улашилган озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий ёрдамлар ортидан фазилатли хонадонга янада нур-барака ёғилди. Уч ўғил алоҳида оиланинг боши, алоҳида уй-жой эгаси бўлса-да, на ўғилларнинг, на келинларнинг Шаҳзода она умргузаронлик қилаётган ҳовлидан, она дуолари ёғилиб турган ота макондан кетгилари йўқ. Бу эса ўзаро ҳурмат, меҳр-муҳаббат ва бирдамликнинг бетакрор намунаси аслида.

Маҳаллада виждонли, турмуш тарозибони бўлиб яшаётган фидойи инсонлар кўплиги учун ҳам ўртага ташланган ҳеч бир муаммо ечимсиз қолмайди. Шу боис ҳам бу файзли манзилда муросасиз оилалар йўқ, сўнгги йилларда бирорта оилавий ажрим қайд этилмади, жиноятчилик, ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ҳолатларига аллақачон барҳам берилган.
— Яқинда яна хушхабар эшитдик, — дейди суҳбатдошимиз. — Обод Марғилон кўчасида яшовчи имконияти чекланган ёшларимиздан бири Фазлиддин Мадаминовга Ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши кўмаги билан компьютер жамланмаси тақдим қилган эдик. У жорий йилги давлат имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, Фарғона политехника институтига давлат гранти асосида қабул қилинибди.
Бугун маҳалланинг бошида бир ўй бор. Ҳудуддаги 3 та кўча ва бошқа қўшни маҳаллаларга табиий газ тўлиқ етиб борган, бироқ маҳалладаги 7 та кўча аҳолиси бу неъматдан бенасиб. Ваҳоланки, бу бир-икки йиллик муаммо эмас. Эрта-индин ҳудуд туризм маҳалласига айлантирилиб, уй-меҳмонхоналар барпо этиладиган бўлса, аҳоли ўз эҳтиёжлари учун тополмаган табиий газни меҳмонлари учун қайдан топсин? Бу борада “Ёрқин” мутасаддиларнинг жиддий эътиборига муҳтож.
Бугун нафақат Марғилондаги маҳаллада, балки бу каби улуғвор ишлар Фарғона вилоятининг ҳар бир ҳудудида давом этмоқда.