ЯТТ очиш, солиқ тўлови ҳамда уни ёпиш тартиби қандай?
Ҳуқуқий муносабат
Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни 6-моддасига кўра, Якка тартибдаги тадбиркорлик жисмоний шахс томонидан тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда амалга оширишдир.
Бу ҳақда Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев қуйидагиларни маълум қилди:
– ЯТТ якка тартибдаги тадбиркор томонидан мустақил, мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулк негизида, шунингдек, мол-мулкка эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланишга йўл қўядиган ўзга ашёвий ҳуқуқ асосида амалга оширилади.
Якка тартибдаги тадбиркор бўлиш учун давлат хизматлари марказига шахсан мурожаат қилиш ёки new.birdarcha.uz сайти орқали масофадан туриб ариза бериш мумкин.
Фуқароларнинг давлат нафақа таъминоти тўғрисидаги қонуннинг 37-моддаси “г” бандига кўра, якка тартибдаги тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилган шахс сифатидаги меҳнат фаолияти иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ кодекси”нинг 290-моддасига кўра, солиқ даври бир ой ҳисобланади.
Шунингдек, ушбу кодекснинг 408-моддасига кўра, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан – ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдорда солиқ тўланади. Ҳозирги кунда базавий ҳисоблаш миқдори 412 минг сўм ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 704-сонли Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида қарорининг 3-бобида тугатувчи ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан кейинги иш кунидан кечикмай рўйхатдан ўтказувчи органга – ўзи келган ҳолда ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор нусхасини тақдим этиши белгиланган.
Гулноза Бобоева, ЎзА