Яширин дори омбори фош этилди
Сифати кафолатланмаган ва ноқонуний айланмага киритилган дори воситалари инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши, даволаш самарадорлигини пасайтириши ёки оғир асоратларга олиб келиши мумкин.
Шу боис мамлакатимизда бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент вилоятининг Тошкент туманида истиқомат қилувчи, 1991 й.т. шахс ўз яшаш хонадонида хориждан айланма йўллар орқали олиб келинган дори воситаларини сақлаб, пойтахтдаги дорихоналарга сотиш билан шуғулланиб келганлиги аниқланди.
Омборни кўздан кечириш давомида жами 119 турдаги, 3356 қутида бўлган 76318 дона “Frotu”, “Budenofalk”, “Gaviscon”, “Baraclude” ва бошқа номдаги дори воситалари аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Уларнинг дастлабки умумий қиймати тахминан 1 млрд сўмни ташкил этади.
Ҳозирда дори воситаларидан намуналар олиниб, экспертиза ўтказиш учун Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига юборилди.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.