Яширилган маҳсулот ушлаб қолинди
Андижон вилоятидаги “Дўстлик” чегара божхона пости орқали 15 тоннадан зиёд "мотор мойи"нинг юртимизга яширинча олиб кирилишининг олди олинди.
Андижон вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан "Дўстлик" чегара божхона пости орқали хорижий давлатдан Ўзбекистонга олиб кирилаётган автотранспорт воситаси махсус ИКМ қурилмаси ёрдамида сканер текширувидан ўтказилгандан сўнг шубҳа остига олиниб, божхона кўригидан ўтказилди.
Текширув давомида юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, божхона органларига тақдим этилган электрон E-tranzit декларациясида қайд этилмаган, 689 дона идишда бўлган 15 минг 325 килограмм оғирликдаги “мотор мойи” мавжудлиги аниқланди.

Аниқланган товарларнинг дастлабки умумий қиймати 1 миллиард 530 миллион сўмни ташкил этди.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонунчиликда белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири