“Яшил” водород Ўзбекистон энергетикаси учун қандай имкониятлар яратади?
Жаҳонда барқарор ривожланиш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш масалалари тобора долзарб аҳамият касб этаётган бугунги кунда “яшил” водород энергетика соҳасидаги энг истиқболли йўналишлардан биридир. Қайта тикланувчи энергия манбалари асосида ишлаб чиқариладиган мазкур энергия ташувчиси келажакда кам углеродли иқтисодиётга ўтиш, саноатни модернизация қилиш ҳамда энергия хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу сабабли, мамлакатимизда ҳам мазкур соҳада бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Айни кунларда Энергетика вазирлиги мутахассислари ҳамда вазирлик ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти вакиллари Корея Республикасида амалий учрашувлар ва ўқув мулоқотларда иштирок этмоқда.
Мазкур дастур “Global Green Growth Institute” (GGGI) ҳамкорлигида амалга оширилган бўлиб, унинг асосий мақсади мамлакатимизда тоза водород бозорини шакллантириш учун зарур бўлган ҳуқуқий, институционал ва технологик асосларни чуқур ўрганишдан иборат.

Дастур доирасида водород энергетикасини ривожлантиришга оид норматив-ҳуқуқий база, халқаро тажриба ҳамда соҳада қўлланилаётган замонавий технологиялар атрофлича кўриб чиқилмоқда. Хусусан, ушбу технологияларни саноат тармоқларида жорий этиш имкониятлари, уларнинг иқтисодий самарадорлиги ва энергетика тизимига интеграция қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти.
Жаҳон амалиётида “яшил” водород асосан қуёш ва шамол каби қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига ишлайдиган электролиз технологиялари асносида ишлаб чиқарилади. Бу усул атроф-муҳитга зарарли чиқиндиларни кескин камайтириш имконини бериши билан аҳамиятли. Шу нуқтаи назардан, Корея томони водородни ишлаб чиқариш, сақлаш ва уни энергетика тизимида самарали қўллаш бўйича ўзининг илғор тажрибасини тақдим этди.

Мутахассисларнинг фикрича, “яшил” водород Ўзбекистон учун бир қатор муҳим имкониятларни яратади. Аввало, бу саноат тармоқларини декарбонизация қилиш, яъни атмосферага чиқариладиган углерод ҳажмини қисқартиришга хизмат қилади. Айниқса, кимё, металлургия ва оғир саноат каби стратегик йўналишларда мазкур технологияларни жорий этиш катта аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, водород технологиялари мамлакат энергетика тизими барқарорлигини ошириш, электр энергиясини сақлаш имкониятларини кенгайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан олинаётган қувватни самарали бошқаришга ёрдам беради. Бу эса, ўз навбатида, энергетика хавфсизлигини янада мустаҳкамлайди.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда қуёш ва шамол энергетикаси бўйича амалга оширилаётган йирик лойиҳалар келажакда “яшил” водород ишлаб чиқариш учун мустаҳкам асос яратади. Мазкур жараён мамлакатни кам углеродли иқтисодиётга босқичма-босқич олиб ўтишда муҳим аҳамият касб этади.
Учрашувлар давомида соҳада ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма ташаббусларни амалга ошириш ва илғор технологияларни мамлакатимизга жорий этиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди. Вазирлик ахборот хизмати маълумотига кўра, “Clean Hydrogen for Uzbekistan” лойиҳаси доирасида ташкил этилган ушбу амалий сафар мамлакатимизда мазкур соҳани ривожлантиришда яна бир муҳим қадамдир.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА