“Яшил макон” Термизнинг машҳур чанг-тўзонларини чекинтирмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт беришга бағишланган маросимда Сурхондарё вилоятида ўрмонзорлар барпо этиш юзасидан амалга оширилаётган ишларни алоҳида қайд этди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси Сурхон воҳасида ўрмонзорларни янада кенгайтириб, “афғон шамоли” номи билан аталадиган чанг-тўзонлари кўтарилишининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилашга хизмат қила бошлагани билан ҳам одамларнинг кўчат экиб, янги боғ-роғлар барпо этишга қизиқишини оширди.

Умуммиллий ҳаракатга айланган лойиҳа бошланганидан буён воҳада 50 миллион донадан ортиқ турли дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилиб, ҳудудларнинг яшил майдонлари кенгайтирилди. Бундан атиги олти йил аввал вилоятнинг “Яшиллик даражаси” 9 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган йил 14,5 фоизга етди. Жорий йил якунигача бу кўрсаткич 15,8 фоизга етказилади.
Шу пайтгача жанубдаги воҳа, айниқса, Термиз шаҳри ва туманига жиддий таъсир этадиган “афғон шамоли”нинг олдини олиш сурхондарёликлар учун ушалмас орзудек бўлиб туюлар эди. Бўш ерларга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, ҳудудларнинг “Яшиллик даражаси” кўтарила бошлагач, вилоят маркази ва бошқа ҳудудларда кучли шамол туфайли юзага келадиган чанг бўронлари таъсирини камайтириш бўйича ҳам илмий изланишлар бошланди.
Ўтган йил вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов шамол таъсирини камайтириш учун хориж тажрибаси асосида илмий ёндашув ғоясини илгари сурди. Чанг бўронлари воҳага қўшни Афғонистоннинг шимолий ҳудудидаги 600 минг гектар майдондаги қум барханлари орқали кириб келаётгани аниқланди.

Мутахассисларнинг айтишича, ҳудудда бир йилда ўртача 151 кунгача узлуксиз давомийлиги 8 соатдан 24 соатгача бўлган чанг тўзонлари кузатилади. Ёзнинг жазирама иссиқ кунларида фаслга хос қуруқлик сабабли “афғон шамоли” чанг бўронининг тезлиги секундига 7-12 метрни ташкил этса ҳам, тўзон кўтарилиб, теварак-атрофга қум зарраларини сочади. Унинг таъсирини камайтириш учун ўтган йил вилоятда 2026-2030 йилларда 10 минг гектар ер майдонида “яшил қоплама” ва “яшил белбоғ” барпо этиш режалаштириб олинди.
– Чанг тўзонлари таъсирини юмшатиш ва экологик барқарорликни таъминлаш учун кенг қамровли иш бошланди, – дейди вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи Баҳодир Урунов. – Вилоятимиз раҳбари янги йилнинг илк кунларидан воҳада тез исиб кетишини эътиборга олиб, баҳорги кўчат экиш ишларини январь ойида бошлаш ташаббусини ўртага ташлади. Кўчатни марказлашган ҳолда экишни таклиф этди. Қиш фасли илиқ келганидан фойдаланиб, ёшу кекса кўчат экиб, яшил майдонлар барпо этишга киришди. Ташкилот ва идоралар ходимлари, давлат хизматчилари Ангор ва Термиз туманларидаги 323 гектар ер майдонида “Ўрмон усулида” мевали ва манзарали дарахт кўчатларини қадади. Томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди.

Олинган маълумотларга кўра, Ангор тумани М39 халқаро магистрал автомобиль йўлининг Ангор тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида 102 гектар майдонда “ўрмон усулида” 261 минг туп арча кўчати ўтқазилди. Термиз туманидаги Янгиобод маҳалласи ҳудудида “яшил белбоғ” усулида 31 гектар ерда қарийб 13 минг туп элдор қарағай ва 6,5 минг туп наъматакзор барпо этилди. Термиз туманининг Каттақум массивида 82 гектар ер майдонида 218 минг туп элдор қарағай, тут, хила, катальпа ва турли мевали дарахт кўчатлари экилди. Ангор туманининг Қорақир массивидаги 108 гектар ер майдонида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг 7,5 миллиард сўм маблағи эвазига вилоятдаги олтита давлат ўрмон хўжалиги ходимларининг меҳнати билан ҳудуднинг иқлим шароитига мос 270 минг туп элдор қарағайи, виргин арча, туя, тут ва катальпа сингари манзарали дарахт кўчатларидан иборат янги ўрмонзор ташкил этилди.
– Қумлоқ ерларда дарахт ўстиришнинг ўзи бўлмайди, – дейди “Сурхондарё йўл кўклам” унитар корхонаси ишчиси Улуғбек Қувондиқов. – Ҳар куни эрта тонгдан келиб, бизга ажратилган майдондаги кўчатларга қараймиз. Улар сифатли ўсиб кетиши учун сув берамиз. Ўрмон хўжаликларидан бириктирилган ходимлар ҳам ўзлари эккан кўчатларнинг парвариши билан шуғулланмоқда. Шу пайтгача қум кўчиб ётган бу қир-адирлик кўчатлар ривожланиб кетгач, барчага хушкайфият улашадиган ям-яшил ўрмонга айланади. Теварак-атрофга қум кўчишига ҳам чек қўяди.
Вилоятда хорижий тажрибалар ўрганиляпти ва яшил ҳудудларни кўпайтиришга илмий ёндашув қўлланиляпти. Шу жараён эса воҳада янги ғоялар пайдо бўлишига туртки беряпти. Жумладан, эндиликда Шеробод туманида юз гектар майдонда Ботаника ва Дендрология боғлари яратилиб, “яшил техникум” ташкил этиладиган бўлди. Техникум қошида вилоят иқлимига мос кўчатларни етиштириш, иқлимга мослаштириш ва кўпайтириш учун алоҳида “ин-витро” лабораторияси ҳам иш бошлайди. Афғонистон билан чегара бўйлаб 390 гектар майдон ёки 150 километр масофага уч миллион 700 туп кўчат экиб, “Яшил белбоғ” ташкил этилади. Одамларнинг бўш вақтларини соя-салқин яшиллик қўйнида серзавқ ўтказиши учун ҳудудларда сояли сайил кўчалари, “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида 15 та “Яшил боғ” ва “Яшил жамоат парклари” барпо этиш ҳам режалаштириб олинган. Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар иқлим ўзгариши юз бераётган бир пайтда ҳудудлар мўътадиллигини таъминлаб, одамларнинг тинч, тўкин, соғлом ҳаёт кечиришига хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири