Яшил макон: самарадорлик экилган кўчатлар сони билан эмас, балки уларнинг кейинги ҳолати асосида баҳоланади
Бугун биз инсоният тараққиётнинг шундай бир босқичида яшаяпмизки, унда глобал исиш, иқлим ўзгариши, чанг-тўзонлар ва сув танқислиги каби экологик муаммолар шунчаки назарий хавф эмас, балки кундалик ҳаётимизнинг аччиқ ҳақиқатига айланиб улгурди. Бундай глобал таҳдидлар шароитида табиат билан уйғун яшаш, экологик мувозанатни тиклаш ҳар бир давлатнинг энг устувор вазифасидир.
Шу боис, сўнгги йилларда Ўзбекистонда бу борада бошланган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар, хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мамлакатимизнинг яшил келажагини таъминлашга қаратилган стратегик қадам сифатида дунё нигоҳида эътироф этилмоқда.
Мазкур лойиҳа фақатгина дарахт экиш акцияси эмас, балки халқимизнинг экологик маданиятини юксалтирувчи, юртимизнинг ҳар бир қарич ерини обод ва кўркам қилувчи умуммиллий ҳаракатга айланди. Унинг келгусидаги ўрни ва аҳамиятини тўлақонли англаш учун эса амалга оширилаётган ишларни танқидий фикрлаб, замонавий илмий ёндашувлар асосида янги босқичга кўтариш талаб этилади.

Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янги босқичга олиб чиқиш, маҳаллаларда қулай экологик муҳит яратиш ҳамда инновацион ечимларни жорий этиш юзасидан ўтказилган тақдимот бу борадаги ишлар сифатини янги даражага кўтаришда муҳим қадам бўлди. Мамлакатимизда кейинги йилларда миллионлаб кўчатлар экилган бўлса-да, амалиётда айрим камчиликлар кўзга ташланаётгани кўз юмиб бўлмас ҳолат ҳисобланади. Жумладан, ҳудуднинг иқлими ва тупроғига мос келмайдиган дарахт турларини танлаш, сув таъминоти йўқ жойларга кўчат экиш ёки уларни етарлича парваришламаслик оқибатида баъзи кўчатларнинг қуриб қолиши билан боғлиқ ҳолатлар ижтимоий тармоқларда ҳам жиддий муҳокамалар келтириб чиқаргани ҳеч кимга сир эмас.
Шу боис, давлатимиз раҳбари ишларнинг самарадорлигини фақат экилган кўчатлар сони билан эмас, балки уларнинг бир, уч ва беш йилдан кейинги ҳолати асосида баҳолаш зарурлигини қатъий таъкидлади. Бундан буён кўкаламзорлаштириш ишларини илмий асосда ташкил этиш, ерни тайёрлашдан бошлаб то суғориш тизимини яратиш ва кўчатларни камида уч йил давомида парваришлаш жараёнларини тўлиқ қамраб олувчи яхлит тизим жорий этилмоқда. Эндиликда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос об-ҳаво шароити, олимларнинг хулосалари ҳисобга олиниб, маҳаллий иқлимга мос, иссиққа, совуққа ва сув танқислигига чидамли дарахт турларига устуворлик берилади.
Хусусан, Экология қўмитасига ҳар бир маҳалла кесимида кўчат тури, жойлашуви ва суғориш тизими аниқ кўрсатилган “яшил харита”ларни ишлаб чиқиб, аҳолига эълон қилиш вазифаси қўйилгани жамоатчилик назоратини кучайтиришда муҳим қадамдир. Шунингдек, дарахт экиш ишларини биринчи навбатда аҳоли гавжум жойлар, пиёдалар йўлаклари ва туну кун ишлайдиган кўчаларда ташкил этиш, соя берувчи дарахтларни кўпайтириш орқали фуқароларнинг юриши ва дам олиши учун муносиб шароитлар яратиш назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, “Яшил макон” лойиҳасининг мазмун-моҳиятини қуйи тузилмалар саналган маҳаллалар ҳаётига чуқур сингдириш мақсадида “Яшил маҳаллам” дастури илгари сурилмоқда. Унга кўра, маҳаллаларнинг буюртмаси асосида сифатли кўчатлар, органик ўғитлар ва сув тежовчи суғориш воситалари етказиб берилади, дарахтларни касаллик ҳамда зараркунандалардан ҳимоя қилиш хизматлари йўлга қўйилади.

Ҳар бир маҳаллага профессионал ўрмончи-мураббийларнинг бириктирилиши аҳоли, айниқса ёшларга кўчат экиш ва уларни парваришлаш сир-асрорларини амалда ўргатиш имконини беради. Натижада хонадонлар, мактаблар ва боғчалар атрофида кичик дарахтзорлар ҳамда жамоат боғлари барпо этилиб, ушбу ишга кенг жамоатчилик ва кўнгиллилар фаол жалб этилади.
Шунингдек, маҳаллаларнинг “яшил рейтинги” жорий этилиши кутилмоқда. Бунда яшил майдонларнинг улуши, аҳоли сонига нисбатан дарахтлар сони, янги кўчатларнинг ривожланиб кетиш кўрсаткичлари ҳамда аҳолининг иштироки асосий мезон бўлади. Юқори натижа кўрсатган маҳаллаларнинг ободонлаштирилиши учун қўшимча маблағлар ва мақсадли микрогрантлар ажратилиши рағбатлантиришнинг самарали механизмига айланади.
Замонамиз тараққиётини илм-фан ва рақамли технологиялардан айрича ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. “Яшил макон” лойиҳасини янада такомиллаштиришда инновацион ечимлар, хусусан, “Yashil AI” модулининг тажриба тариқасида ишга туширилиши катта аҳамиятга эга. Сунъий интеллект ёрдамида тупроқ таркиби, иқлим ўзгаришлари ва сув таъминоти чуқур таҳлил қилиниб, муайян ҳудуд учун энг мақбул кўчат турлари танлаб берилади.
Хулоса қилиб айтганда, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси шунчаки мавсумий тадбир эмас, балки миллатимизнинг экологик тақдирини белгиловчи, келажак авлодларга соғлом ва мусаффо табиатни мерос қолдиришга қаратилган стратегик ҳаракатдир. Лойиҳани илмий асосда ташкил этиш, унга рақамли технологиялар, сунъий интеллект имкониятлари ва жамоатчилик назоратини интеграция қилиш юртимизда экологик маданиятни янги босқичга олиб чиқади. Агар ҳар бир фуқаро, ҳар бир маҳалла ва жамоа бу эзгу ишга дахлдорлик ҳисси билан ёндашса, Ўзбекистонимиз чинакам яшил ва обод маконга айланади.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси.
ЎзА