Ярим асрлик изланишлар самараси
Атоқли шоир Расул Ҳамзатов ижоди жўшқин, бетакрор, изтиробли, оташин руҳи билан китобхонлар меҳрини қозонган. Унинг ижоди — пурвиқор тоғли ўлканинг қалб садоси бўлиб, жаҳон адабиётида алоҳида ўринга эга.
Расул Ҳамзатов ўз шеърларида авар халқининг қадриятлари, анъаналари ва мағрур характерини бутун дунёга танитди. Унинг машҳур "Турналар" ("Журавли") шеъри урушда ҳалок бўлган аскарлар хотирасига бағишланган халқаро мадҳияга айланди.
Шоирнинг "Менинг Доғистоним" номли бетакрор китоби наср, шеърият ва халқ ҳикматларини ўзида мужассам этган дурдона асардир. Унинг асарларида онага бўлган чексиз муҳаббат, ватанга садоқат ва дўстлик сингари муқаддас туйғулар бош мезон ҳисобланади.
Шоир, таржимон ва журналист Асрор Мўмин атоқли авар шоири Расул Ҳамзатов асарларини қарийб ярим асрдан буён севиб мутолаа қилаяпти ва уларни она тилимизга ўгириш борасида изланишлар олиб бораяпти. Унинг таржимасидаги Расул Ҳамзатовнинг “Турналар” китоби ана шу ярим асрлик изланишлар самараси.
Янги китобнинг номини китобхон ўқиши билан қулоғида шоирнинг шу сарлавҳали шеъри асосида яратилган машҳур қўшиқ сўзлари акс садо бериши аниқ.
Менинг билишимча, қонли жанггоҳдан
Юртига қайтмаган шаҳид ёвқурлар,
Ҳали жой олмасдан юмшоқ тупроқдан,
Оппоқ турналарга айланган улар...
Расул Ҳамзатовнинг “Турналар”(“Журавли”) шеъри Наум Гребнев таржимасида “Новый мир” журналининг 1968 йилги 4-сонида нашр этилгач, уни ўқиган ноёб овоз эгаси Марк Бернес дўсти, таниқли бастакор Ян Френкелдан шеърга куй басталаб беришини илтимос қилди. Дўст илтимоси дўст томонидан бажарилди. Марк Бернес умри поёнига етиб қолганини билгани учун қўшиқни овоз ёзиш студиясида мисрама-мисра куйлаб, магнит тасмаларига ёзиш ишларини ниҳоясига етказди.
Қўшиқ 1969 йили август ойида эфирга берилган кундан дунёдаги барча халқларнинг севимли қўшиғига айланди. Ҳозирги кунда бу қўшиққа дунёнинг 200 дан ортиқ манзилида ёдгорликлар ўрнатилган. Ҳали бирор қўшиққа дунёда бундай эҳтиром-эъзоз кўрсатилмаган.
Биз ҳар қанча фахрлансак арзийдики, бу қўшиққа қўйилган ёдгорликларнинг биринчиси 1972 йили 8 май куни Чирчиқ шаҳримизда очилган! Айнан шу қўшиқни 1970 йили тинглагач, Асрор Мўминнинг Расул Ҳамзатов ижодига меҳри тушган ва шу шеър матнини таржима қилишни дилига тугган. Унинг бу орзуси 28 йилдан кейин ушалди. “Турналар” шеъри таржимаси 1998 йили “Жаҳон адабиёти” журналининг 8-сонида чиқди.
Ҳозирги кунда кўпчилик ижодкорлар Асрор Мўминни айнан атоқли авар шоири Расул Ҳамзатовнинг таржимони сифатида яхши билади ва ҳурмат қилади. Айниқса, унинг таржимасидаги “Менинг Доғистоним” ва “Оналарни асранг” асарлари таржимасини адабиёт мухлислари севиб мутолаа қилмоқда. “Менинг Доғистоним” бадиасининг 2008–2024 йиллар оралиғида 8 марта, “Оналарни асранг” достонининг 2012–2026 йиллар оралиғида 4 марта катта ададларда чоп этилгани фикримизни тасдиқлайди. Шунингдек, таржимоннинг ўзи ўқиган “Оналарни асранг” радиокитоби Ўзбекистон радиоси олтин фондида сақланяпти.
Бундан ташқари, у шоирнинг “Ишқ олдида ҳамма тенг”(2004, 2018), “Мен юз қизга шайдоман”(2014), “Аёллар кўп, Она ягона”(2016), “Буюк туйғу”(2021) ва “Танланган асарлар”(2024) китобларини она тилимизга ўгирган. Шунингдек, Асрор Мўмин ўзининг ўндан зиёд шеърий китобларига Расул оға асарлари таржималарини киритган. У журналист сифатида юзлаб публицистик мақолаларида Расул Ҳамзатов ҳаёти ва ижодига оид қимматли маълумотларни қаламга олган. Айнан шу маълумотлар асосида у “Расул Ҳамзатов” драмасини ёзди.
У ҳамон севимли шоири ижоди бўйича изланишларини давом эттираяпти. “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази томонидан Асрор Мўмин таржима қилган Расул Ҳамзатовнинг “Турналар” китоби чоп қилиниши таржимонга чексиз қувонч бағишлади. Бу китобга киритилган таржималарнинг дастлабкиси 1981 йили, охиргиси шу йил бошида амалга оширилган. Адабиёт мухлисларини китобдаги шоирнинг суюмли бўлиб қолган шеърлари ва Расул оғанинг дунё халқлари севиб ўқиётган “Дўстларни асранг”, “Тазарру”, “Учинчи дунё” каби шеърларининг, бир қанча дилбар сонетлари, қуйма саккизликлари ва тўртликларининг янги таржималари хушнуд этиши шубҳасиз. Албатта, китобда шоирнинг “Оналарни асранг” достони билан бир қаторда “Шомилнинг муҳаббати” ва “Беш панжа” достонларига ҳам ўрин берилган.
Бир сўз билан айтганда, адабиёт мухлислари учун “Турналар” китоби ажойиб туҳфа бўлди.
Н.Усмонова,
Н.Ҳайдаров(сурат), ЎзА