Яқин Шарқда таранглик кучаймоқда: Теҳрон АҚШга жавоб қайтарди
Қўшма Штатлар Эронга қарши тўққизинчи кеча ҳам узлуксиз ҳаво зарбаларини амалга оширди. АҚШ Марказий қўмондонлиги мамлакатнинг турли ҳудудларидаги ҳарбий қўмондонлик марказлари, ҳаво мудофааси тизимлари, ракета ва дрон учириш майдонлари ҳамда соҳил кузатув объектлари нишонга олинганини маълум қилди. Кўп ўтмай Теҳрон ҳам қарши ҳужум бошлаб, можарони янада кескинлаштирди.
Америка маъмурияти сўнгги амалиёт уч нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлганидан кейин ўтказилганини билдирди. Икки нафар хизматчи Иорданиядаги ҳарбий базага қилинган ҳужумда, яна бири эса Ироқда эрон дронини зарарсизлантириш вақтида вафот этган. Президент Дональд Трамп навбатдаги зарбалар айнан шу ҳарбийлар хотирасига бағишланганини айтиб, “уларга жуда қаттиқ зарба бердик”, дея баёнот берди.
Жавоб тариқасида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Сурия ҳудудидаги “душман қўмондонлик маркази”га ҳужум уюштирилганини эълон қилди. Шу билан бирга, Кувайт армияси ўлка ҳаво ҳудудига йўналтирилган дрон ҳужумлари қайтарилаётганини маълум қилди, Баҳрайнда эса ракета хавфи сабаб ҳаво “қизил” чироғи ёнди. Бир кун аввал ҳам Теҳрон Кувайтдаги икки Америка ҳарбий объектига зарба берганини иддао қилган эди.
Кескинлик Ҳурмуз бўғози атрофида ҳам сақланиб қолмоқда. Қўшма Штатлар давлат котиби Марко Рубио Эрон ушбу стратегик денгиз йўлагини босим воситаси сифатида ишлатаётганини айтиб, халқаро ҳамжамиятни денгиз қатновини ҳимоя қилишда фаолроқ иштирок этишга чақирди. Жанглар туфайли нефть ташиш ҳажми яна қисқарди, “Brent” русумидаги нефть нархи эса баррели учун 90 доллардан ошиб, жаҳон энергетика бозоридаги хавотирларни янада кучайтирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА