Япония янa қурол бозорида: ўн йиллик чекловлар бекор қилинди
Япония ҳукумати мудофаа экспорт қоидаларини кескин ўзгартириб, халқаро қурол бозорига чиқиш учун йўл очди. Янги қарорга кўра, энди ҳарбий кемалар, ракеталар ва бошқа қурол-яроғларни хорижга сотишга қўйилган асосий чекловлар бекор қилинди.
Таъкидланишича, ушбу ислоҳотнинг асосий мақсади — Япониянинг мудофаа саноатини кучайтириш. Илгари экспорт фақат қутқарув ва кузатув каби чекланган соҳалар билан чекланган эди, энди эса ҳар бир битим алоҳида баҳоланади. Шу билан бирга, ҳукумат айрим чекловларни сақлаб қолган, жумладан можароларда иштирок этаётган давлатларга қурол сотиш тақиқланади, аммо зарур ҳолларда истиснолар бўлиши мумкин.
Халқаро вазият ҳам бу қарорга туртки берди. Украина ва Яқин Шарқдаги зиддиятлар фонида АҚШ қурол ишлаб чиқариш қувватига босим ортган, шунинг учун кўплаб давлатлар янги таъминотчилар изламоқда. Айниқса, Польша ва Филиппин каби давлатлар Япония билан ҳамкорлик имкониятларини ўрганмоқда.
Токио бу орқали нафақат экспортни ошириш, балки ички ҳарбий салоҳиятни ҳам мустаҳкамлашни мақсад қилган. Ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш орқали харажатларни камайтириш ва инқироз пайтида тезкор захира яратиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, Япония мудофаа харажатларини ошириб, янги авлод ҳарбий технологияларини ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА