Янгиобод ички ишлар бўлими янги бинода иш бошлади
Янгиобод туманида ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш, ходимлар меҳнат шароитини яхшилаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган янги маъмурий бино фойдаланишга топширилди.
Бугунги ички ишлар органлари фаолияти самарадорлиги нафақат ходимларнинг касбий маҳорати, балки улар учун яратилган шароитларга ҳам бевосита боғлиқ. Замонавий инфратузилма хизмат вазифаларини тезкор ва сифатли бажаришда муҳим омил ҳисобланади.

Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев иштирокида Янгиобод тумани ички ишлар бўлимининг янги биноси тантанали равишда очилди. Маросимда вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Ғайрат Қодиров, нуронийлар ҳамда ички ишлар тизими фахрийлари қатнашди.

Замонавий талаблар асосида барпо этилган иншоот ходимларнинг хизмат фаолиятини самарали ташкил этишга хизмат қилади. Бинода яратилган шароитлар фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, уларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Айниқса, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли осойишталигини сақлашда ички ишлар органларининг ташкилий имкониятлари муҳим ўрин тутади. Янги бино ушбу вазифаларни янада самарали бажариш учун зарур шароитлардан бири бўлиб хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири