Янги тартиблар тушунтирилди
Сирдарё вилоятида давлат ижтимоий суғуртаси тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотларнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди. Унда 2026 йил 1 июлдан кучга кирадиган янги тартибларнинг ҳуқуқий асослари, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини тайинлаш ва тўлашнинг янги механизми, рақамли хизматларни жорий этиш ҳамда уларни амалиётда қўллаш масалалари муҳокама қилинди.
Сирдарё вилояти Савдо-саноат палатасида ташкил этилган тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, шаҳар ва туман бўлимларининг ҳисобчилари ҳамда кадрлар билан ишлашга масъул мутахассислар иштирок этди.

Таъкидланганидек, давлат ижтимоий суғуртаси тизимидаги мазкур ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва тўлаш тизимини такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармони, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 796-сон “Аҳолига давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни амалга ошириш тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида босқичма-босқич жорий этилмоқда.

Семинарда қайд этилганидек, 1 июлдан бошлаб вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини тайинлаш ва тўлашнинг янги механизми амал қилади. Унга кўра, ходимнинг касаллик даври учун дастлабки беш календарь кунлик нафақа иш берувчи маблағлари ҳисобидан тўланса, олтинчи кундан бошлаб тўловлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Мутахассислар нафақаларни ҳисоблаш тартибидаги ўзгаришларга ҳам алоҳида тўхталдилар. Янги тартибга мувофиқ, тўловлар суғурта стажи асосида ҳисобланади. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқаролар учун қўшимча имтиёзлар назарда тутилгани таъкидланди.

Тадбирда нафақаларни тайинлаш жараёни тўлиқ рақамлаштирилиши, электрон меҳнатга лаёқатсизлик варақалари асосида тўловлар автоматик равишда тайинланиши ҳамда маблағлар фуқароларнинг банк карталарига тўғридан-тўғри ўтказилиши ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Семинар иштирокчиларига Ягона миллий меҳнат тизимига меҳнат муносабатларига оид маълумотларни ўз вақтида ва тўлиқ киритишнинг аҳамияти тушунтирилди. Қайд этилганидек, нафақаларни автоматик ҳисоблаш айнан ушбу маълумотлар асосида амалга оширилади.

Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири