Янги сайилгоҳ: “Анҳор” бўйида 24 соат ҳаёт қайнаётган гастрономик кўча
Сўнгги йилларда Қарши шаҳрида аҳоли учун замонавий ва қулай шаҳар муҳитини шакллантиришга қаратилган бунёдкорлик ишлари изчил давом этмоқда. Энди шаҳар марказидаги “Анҳор” канали бўйида ташкил этилган замонавий гастрономик кўча нафақат овқатланиш ва савдо хизматлари, балки дам олиш, сайр қилиш ҳамда оилавий ҳордиқ чиқариш учун ҳам янги манзилга айланди.
Рогузар маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи “Анҳор” канали бўйида амалга оширилган лойиҳа доирасида “Ислом Каримов” ва “Жайхун” кўчаларини боғловчи 700 метрлик ҳудуд туну кун, яъни 24 соат фаолият юритадиган гастрономик кўча сифатида барпо этилди.
Кўчанинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими М.Азимов ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Лойиҳани амалга ошириш учун бюджет маблағлари ҳисобидан 6 миллиард сўм, тадбиркорлар томонидан эса 8 миллиард сўм сармоя йўналтирилди. Бу эса давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги асосида шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришнинг яна бир амалий намунаси бўлди.
Аввало, ҳудуднинг транспорт ва муҳандислик инфратузилмаси тубдан янгиланди. Каналнинг ҳар икки қирғоғидаги кўчалар ободонлаштирилиб, 700 метр автомобиль йўли кенгайтирилди. Шунингдек, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1,4 километр узунликда саломатлик йўлакчаси барпо этилди. Кечки пайтларда ҳудуднинг янада файзли кўриниш олиши учун қуёш қувватида ишлайдиган 81 та замонавий кўча чироғи ўрнатилди.
Эътиборлиси, канал бўйи энди нафақат савдо ва хизмат кўрсатиш, балки маданий ҳордиқ чиқариш масканига ҳам айланди. Бу ерда учта дамба, янги кўприк, учта чархпалак, тўртта фаввора, болалар ўйингоҳи, дам олиш айвонлари ва ўриндиқлар барпо этилди. Канал соҳилига ўрнатилган 60 та декоратив ҳайкалча ва замонавий ёритиш тизими ҳудуднинг эстетик жозибасини янада оширди.
– Илгари бу ердан одамлар фақат ўтиб кетарди. Анҳор қаровсиз ётарди. Энди эса кечқурун оиламиз билан сайр қилишда энг севимли жойимизга айланди. Болалар, катталар учун ҳам барча шароит яратилган. Маҳалламиз кун сайин чирой очаётганини кўриб хурсанд бўламиз, – дейди Моҳигул Давронова.
Лойиҳада тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Натижада 25 та янги савдо ва хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилди. Мавжуд 15 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти кенгайтирилиб, биноларнинг ташқи фасадлари замонавий архитектура талаблари асосида янгиланди.
– Янги гастрономик кўча очилгач, мижозлар сони бир неча баробар ошди. Энг муҳими, бу ерда тадбиркорлик қилиш учун барча инфратузилма яратилган. Бу эса янги иш ўринлари ва қўшимча даромад манбаи демакдир, – дейди мазкур ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркор Бекзод Азимов.
Ҳудуднинг экологик муҳитини яхшилаш ҳам эътибордан четда қолмади. Канал бўйида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, суғориш тармоқлари тортилди, манзарали дарахтлар ва декоратив бута кўчатлари экилиб, ҳудуднинг табиий ҳамда эстетик қиёфаси янада бойитилди.
Маълумотларга кўра, Рогузар маҳалласи Қарши шаҳрининг йирик аҳоли яшаш масканларидан бири ҳисобланади. Бу ерда 17 та кўча, 1 минг 522 та хонадон мавжуд бўлиб, қарийб 5 минг 900 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шу жиҳатдан мазкур лойиҳа минглаб фуқароларнинг кундалик ҳаёти ва дам олиш маданиятига ижобий таъсир кўрсатиши билан аҳамиятлидир.
Таъкидланганидек, “Анҳор” бўйида ташкил этилган замонавий гастрономик кўча шаҳарнинг туризм салоҳиятини ошириш, хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли учун замонавий дам олиш муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Энг муҳими, бундай лойиҳалар Қарши шаҳрининг замонавий қиёфасини янада бойитиб, унинг жозибадорлигини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.
[gallery-30199]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари