Янги Ўзбекистоннинг янги қиёфаси – инсон қадри, меҳнат ва тараққиётда
Ҳар бир даврнинг ўз мезони бор. Тарих эса мамлакат ҳаётидаги ўзгаришларга, аввало, инсон турмуши, меҳнатининг қадри ва келажакка бўлган ишончи орқали баҳо беради.
Шу маънода, Янги Ўзбекистонда кеча билан бугунни қиёслар эканмиз, фақат бунёд этилган иншоотлар, ишга туширилган корхоналар ёки иқтисодий кўрсаткичларни эмас, балки одамларнинг ҳаётида пайдо бўлган имкониятларни ҳам кўришимиз керак. Мустақиллик йилларида мамлакатимиз катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Айниқса, кейинги йилларда давлат ва жамият ҳаётининг турли йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини юзага чиқариш, аҳоли бандлигини таъминлаш, таълим ва тиббиёт сифатини ошириш, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бу жараёнларнинг туб моҳияти инсонни улуғлаш, унинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратишдан иборат. Қорақалпоғистон Республикаси мисолида бу ҳақиқатни яққол кўриш мумкин. Ҳудуднинг кенг майдони, табиий бойликлари, сув ва иқлим билан боғлиқ муаммолари, аҳоли пунктлари ўртасидаги масофалар иқтисодий тараққиёт учун муайян қийинчиликларни келтириб чиқарган. Оролбўйидаги экологик вазият эса аҳоли саломатлиги, қишлоқ хўжалиги ва турмуш шароитларига ўз таъсирини ўтказиб келди. Бундай шароитда ҳудудни ривожлантириш оддий вазифалар билан чекланиб қолмасдан, узоқни кўзлаган ёндашув, катта сармоялар ва изчил меҳнатни талаб этади.
Бугун Қорақалпоғистоннинг иқтисодий ҳаётида кузатилаётган ўзгаришлар ана шу имкониятлардан самарали фойдаланишга қаратилган саъй-ҳаракатлар билан боғлиқ. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил сентябрь ойидаги ҳудудга ташрифи чоғида келтирилган маълумотларга кўра, Қорақалпоғистоннинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 2016 йилдаги 8,5 триллион сўмдан, 2026 йил бошига келиб 54 триллион сўмдан ошган. Сўнгги тўққиз йилда ҳудудга 5 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб этилган.
Ташриф доирасида 592 миллион долларлик 11 та лойиҳа ишга туширилиб, умумий қиймати 7 миллиард доллар бўлган яна 47 та лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланган. Уларнинг амалга оширилиши 8 мингта янги иш ўрни яратишни кўзда тутади. Бу рақамлар иқтисодий ўсиш кўламини кўрсатади. Бироқ уларнинг мазмунини чуқурроқ англаш учун ҳар бир лойиҳанинг ортида қанча оила даромад манбаига эга бўлиши, қанча ёш мутахассис ўз касби бўйича ишлаши, қанча маҳаллий маҳсулот бозорга чиқиши мумкинлиги ҳақида ҳам ўйлаш лозим. Зеро, тараққиётнинг ҳақиқий самараси иқтисодий кўрсаткичлар билан бирга аҳоли ҳаётидаги амалий натижаларда намоён бўлади.
Қорақалпоғистон учун бугунги имкониятлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, саноат ва қайта ишлаш соҳаларида муҳим аҳамиятга эга. Ҳудуднинг табиий ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, чорвачиликни илмий асосда ривожлантириш, маҳсулот етиштиришдан уни чуқур қайта ишлашгача бўлган занжирни шакллантириш долзарб вазифалардан биридир. Чорвачилик мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини гўшт, сут ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, қишлоқ жойларда бандликни оширишда муҳим ўрин тутади. Бу соҳа самарадорлиги эса чорва молларининг зот хусусиятлари, озуқа базаси, сақлаш шароитлари, касалликларнинг олдини олиш ва ветеринария хизматининг сифатига бевосита боғлиқ. Миллий статистика маълумотларига кўра, 2025 йил 1 октябрь ҳолатида Ўзбекистонда барча тоифадаги хўжаликларда 14,28 миллион бош қорамол, 24,81 миллион бош қўй ва эчки ҳамда 110,79 миллион бош парранда мавжуд бўлган. Бу кўрсаткичлар мамлакат чорвачилик тармоғининг кўламини, шу билан бирга, уни илмий ёндашув ва малакали мутахассислар билан таъминлаш заруратини ҳам кўрсатади.
Бугун ветеринарияни фақат касалланган ҳайвонни даволаш билан боғлиқ касб сифатида тушуниш тўғри эмас. Замонавий ветеринария эпизоотик осойишталикни таъминлаш, юқумли касалликларнинг тарқалишини чеклаш, ҳайвонлар саломатлигини назорат қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва чорвачилик хўжаликларининг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу сабабли бугун соҳада билимли ветеринар шифокорлар, зоотехниклар, селекция ва биотехнология мутахассисларига бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда.
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалининг фаолиятига ҳам шу нуқтаи назардан қараш лозим. Филиал олдидаги вазифа фақат талабаларга назарий билим беришдан иборат эмас. Асосий мақсад Қорақалпоғистоннинг табиий-иқтисодий шароитларини яхши биладиган, замонавий технологияларни ўзлаштирган, ишлаб чиқаришдаги муаммоларга илмий ечим топа оладиган рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашдир. Бунинг учун таълимни амалиёт билан боғлаш, талабаларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш, илмий тадқиқотларни ҳудуд эҳтиёжларига йўналтириш муҳим. Чорвачилик хўжаликлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, ветеринария амалиётида замонавий диагностика усулларидан фойдаланиш, чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ва маҳаллий шароитга мос ечимларни ишлаб чиқиш таълим муассасаси зиммасидаги масъулиятли вазифалардир. Айни пайтда илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамламасдан туриб, соҳада барқарор натижага эришиб бўлмайди. Илмий тадқиқот хўжаликнинг муайян муаммосига ечим берсагина, унинг амалий қиймати ортади. Тайёрланган мутахассис эса олган билимини иш жойида қўллай олганида таълимнинг самараси намоён бўлади. Шу маънода, университет ва филиаллар фаолиятига ҳудуд иқтисодиётининг эртанги кунини белгилайдиган муҳим омиллардан бири сифатида қараш зарур.
Янги Ўзбекистонда таълимга қаратилаётган эътиборнинг моҳияти ҳам шунда: ёшлар учун билим олиш, касб эгаллаш ва ўз қобилиятини рўёбга чиқариш имкониятларини кенгайтириш. Бироқ имкониятнинг ўзи етарли эмас. Ундан самарали фойдаланиш учун талаба интилиши, устоз масъулияти, таълим муассасасининг ташаббускорлиги ва иш берувчининг ҳамкорлиги бир мақсад йўлида бирлашиши керак. Шахсан таълим муассасаси раҳбари сифатида мен бу масалага нафақат бугунги ўқув жараёни, балки ҳудуднинг келгуси тараққиёти билан боғлиқ вазифа сифатида қарайман. Чунки бугун аудиторияда билим олаётган ёшлар эртага чорвачилик хўжаликларида, ветеринария муассасаларида, лабораторияларда ва илмий марказларда фаолият олиб боради. Уларнинг касбий салоҳияти мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги самарадорлиги ва аҳоли фаровонлигига ҳам таъсир кўрсатади.
Янги Ўзбекистон қиёфаси ҳақида сўз юритганда, шукроналик туйғусини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Шукроналик – бу фақат эришилган натижалардан мамнун бўлиш эмас. У тинчликнинг қадрига етиш, яратилган имкониятларни асраш, берилган шароитдан унумли фойдаланиш ва зиммадаги вазифаларни виждонан бажаришни ҳам англатади. Мамлакатдаги ўзгаришларни қадрлаш уларни янада ривожлантиришга ҳисса қўшиш билан тўлдирилгандагина ҳақиқий мазмун касб этади.
Шу боис бугунги ютуқлар ҳақида гапирганда, олдимизда турган вазифаларни ҳам унутмаслигимиз керак. Қорақалпоғистонда янги иш ўринларини барқарор сақлаш, инвестиция лойиҳаларининг самарадорлигини таъминлаш, қишлоқ жойларда аҳоли даромадини ошириш, сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш ва экологик муаммоларни ҳал этиш долзарблигича қолмоқда. Ветеринария ва чорвачилик соҳасида эса замонавий билимларни кенг жорий этиш, маҳаллий шароитга мос технологияларни ривожлантириш ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга.
Менимча, кеча ва бугун ўртасидаги фарқни англашнинг энг тўғри йўли ўтган даврни фақат соғинч ёки афсус билан эслаш эмас, балки босиб ўтилган йўлдан сабоқ чиқаришдир. Бугун мамлакатимизда ва Қорақалпоғистонда рўй бераётган ўзгаришлар олдимизда янги имкониятлар очаётгани билан бирга, ҳар биримиздан каттароқ масъулиятни ҳам талаб қилмоқда.
Янги Ўзбекистоннинг янги қиёфаси, аввало, меҳнати билан мамлакат тараққиётига ҳисса қўшаётган инсонларда, илмга интилаётган ёшларда, ўз касбига садоқатли мутахассисларда ва келажак учун масъулиятни ҳис этадиган жамоаларда кўринади. Бизнинг вазифамиз эса бугун яратилган имкониятларни аниқ натижаларга айлантириш, таълим ва илм-фан салоҳиятини юрт равнақига йўналтириш, келажак авлодга янада мустаҳкам пойдевор қолдиришдан иборат.
Энг катта шукроналик тинч юртда яшаб, аҳоли фаровонлиги йўлида меҳнат қилиш имконига эга эканимиздир. Энг катта масъулият эса ана шу имкониятларни қадрлаб, улардан эл-юрт манфаати йўлида фойдаланиш. Янги Ўзбекистон тараққиётига ҳар биримиз ўз билимимиз, меҳнатимиз ва ҳалол фаолиятимиз билан ҳисса қўшсак, бугунги ўзгаришлар эртанги авлод учун янада катта имкониятлар эшигини очади.
А.Есимбетов,
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети
Нукус филиали директори, профессор.
ЎзА