Янги Ўзбекистоннинг янги маҳалласи
Ўзбек маҳалласи бугун нафақат қадриятлар бешиги, балки Президент ташаббуслари натижасида янгиланишлар манзили, ислоҳотларнинг бошланиш нуқтаси ҳамдир. Ушбу ноёб ижтимоий тузилмага юксак эътибор натижасида у қаддини кўтарди, инсонлар ҳаётидаги аҳамиятини мустаҳкамлади. Бу орқали аҳоли яшаш шароитлари яхшиланиб, ўз ҳаётларидан миннатдорлик кайфияти юксалиб бормоқда.
Фарғона вилоятининг биргина “Янги Қува” маҳалла фуқаролар йиғини номига мос тарзда янги давр, янги турмуш ва янги имкониятлар маркази сифатида фаолият кўрсатмоқда. Давлат раҳбари томонидан берилган топшириқларга мувофиқ махсус дастур асосида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилди. Бугун ушбу масканга қадам қўйган киши бу ердаги ўзгаришларни кўриб, беихтиёр ҳайратга тушади. Кечагина оддий Қақир қишлоғи кўчалари бўлган ҳудуд бугун замонавий меъморий ечимлар, обод кўчалар, тартибли инфратузилма ва файзли муҳит билан яшнаб турибди. Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳаллага айланган бу манзилга янги нафас, янги ҳаёт кириб келган.
– Қадриятларимиз бешиги, бизнинг энг кичик ватанимиз бўлган маҳаллага эътибор кейинги йилларда ҳар замондагидан яхши бўлганлиги учун ҳар бир қишлоқ, ҳар бир кўча, ҳар бир хонадон обод бўлиб бораяпти-да, – дейди шоира Зуҳра Алиева. – Буни кўриб одамнинг кўзи қувонади. “Қақир” қишлоғи дер эдик олдин. “Янги Қува” деган бир маҳалла пайдо бўлди. Энди бу ердаги хонадонларга кирсангиз, шаҳардаги хонадонлардан кам жойи йўқ.

Ҳаммаёқ ораста, гўзал. Инсон ўзи яшаб турган жойнинг гўзал, обод бўлганини кўрса, илҳомланади, руҳланади. Одамлар бепарво бўлмай қолди олдингидек. Кўчаларда олдин ажриқ босган жойлар бўлса, бугун гулзорларга айланди. Ариқ бўйлари, йўл бўйларини кўрсангиз, атиргуллар, райҳонлар кишига завқ беради.
Янги Қува маҳалласига киришингиз билан эътиборингизни озода ва равон йўллар тортади. Икки ёнда саф тортган хонадонлар, обод ҳовлилар, кўкаламзорлаштирилган ҳудуд, кечаси чароғон бўлиб турадиган кўча чироқлари – буларнинг барчаси бу ерда инсон учун муносиб яшаш муҳити яратишга асосий эътибор қаратилганини кўрсатади.
Бугун мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида маҳаллаларга шаҳар муҳитини олиб кириш, инфратузилмани тўлиқ янгилаш, аҳоли учун қулай турмуш шароитини яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ушбу маҳаллада ҳам 30 дан ортиқ тижорат дўконлари ва хизмат кўрсатиш бинолари қиёфаси замон талаблари даражасида ўзгарди. Кўп қаватли тураржой бинолари қурилмоқда. Маҳаллага илк бор сувоқова тизими олиб келинди. Бундан ташқари, 7 километр ичимлик суви тармоғи тортилди. Оқова суви ва ичимлик суви таъминоти учун 5,5 миллиард сўм маблағ сарфланди.
– Жуда қисқа фурсат ичида эски Қақир маҳалласи тубдан ўзгарди. Кўп қаватли уйлар, болалар учун алоҳида спорт майдончалари, ҳашаматли, замонавий, энг охирги услубда жиҳозланган мактаб, ҳатто университетга қиёслашади мактабимизни кўрганлар, – дейди Қува тумани “Янги Қува” МФЙ раиси Қобилжон Юнусов. – Бундан ташқари, тўйхоналар, томоша заллари, IT-парклар, ишлаб чиқариш корхоналари, кўплаб савдо, хизмат, маиший хизмат шохобчалари... Қиёсласангиз, бунча ишларнинг бир йилда битта маҳаллада амалга оширилиши оддий иш эмас-да. Юртбошимизга раҳмат. Бугун халқимиз шукроналикда, дуода. Юртбошимиз “Ўзгаришларни маҳалладан бошлашимиз керак”, деб алоҳида таъкидлаганди. Бугун ана шу қўйган вазифалари маҳалламизда акс этяпти.

Президентнинг санъат ва маънавиятга эътибори самараси бугун Янги Қува маҳалласида ҳам ўз аксини топди. Ўзбек халқининг ардоқли фарзанди, бетакрор истеъдод, “Ўзбекистон булбули” дея дунёга танилган Таваккал Қодиров таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан барпо этилган Таваккал Қодиров издошлари маскани ёшлар учун илҳом ва истеъдод мактабига, аҳолини бирлаштирувчи маънавият даргоҳига айланган.
Янги Қува маҳалласида эртанги кунга ишонч қатъий. Чунки ҳар бир хонадонда барака, ҳар бир кўчада ободлик, ҳар бир оилада янгиланишлардан мамнунлик кайфияти ҳукм суради. Тадбиркорликка йўл очилган, хизмат кўрсатиш шохобчалари кўпайган, аҳолининг даромад манбалари кенгайган. Энг муҳими, одамлар қалбида “Мен ҳам шу юрт тараққиётининг бир бўлагиман” деган фахр туйғуси мустаҳкамланмоқда.
<iframe width="986" height="554" src="https://www.youtube.com/embed/tOa04Xvlj_Q" title="Yangi O‘zbekistonning Yangi mahallasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Муҳаммаджон Обидов,
Гулнора Ғиёсова,
Элёр Олимов(сурат,видео), ЎзА