Янги Ўзбекистоннинг янги Фарғонаси
Ташрифдан ташрифгача
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Фарғона вилоятига навбатдаги ишчи ташрифи билан келди. Бир қарашда бу оддий воқеадек кўринади. Чунки давлат раҳбари жойлардаги ислоҳотлар, аҳоли турмуш тарзи, бунёдкорлик ишлари билан танишиш учун барча ҳудудларга бориб туради.
Аммо Фарғона вилоятига ташрифининг ўрни, аҳамияти ўзгача. Негаки, Президент сўнгги ташрифи чоғида тилга олган рақамлар бугунга келиб ҳаётий ҳақиқатга айланди. Янги ташриф вилоят раҳбарияти, масъуллари олдига яна улкан вазифалар қўяди. Улар эса аслида халқ фаровонлиги, юрт равнақини таъминловчи юксак марралар бўлади.
Хўш, Президент ташрифидан ташрифигача Фарғона вилоятида қандай натижаларга эришилди?
Сўнгги йилларда Фарғона вилоятида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар ўзининг самарали натижаларини кўрсатмоқда. Ер ва қазилма бойликлари чекланган бўлишига қарамасдан, ҳудудда иқтисодиётни диверсификация қилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва ахборот технологиялари соҳаларида барқарор ўсиш таъминланди.
[gallery-29001]
Биргина мисол.Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2017 йилда 7 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб, 26,6 миллион сўмга етди ёки 3,8 баробар ўсди.
Бандлик ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича ҳам ижобий суръат қайд этилди. Ўтган йилда 519 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланиб, уларнинг даромадлари оширилди ва 53 минг оила камбағаллик реестридан чиқарилди. Эндиликда 2026 йил якунига қадар ишсизликни 3 фоизга, камбағалликни эса 2,7 фоизга камайтириш кўзда тутилмоқда.
Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида ҳам сезиларли ўсишга эришилди. Вилоятда 26 та йирик, 357 та ўрта ва кичик инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, салкам 3 миллиард долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Экспорт ҳажми изчил ошди, экспортчи корхоналарнинг сони кенгайди.
Қишлоқ хўжалигида ўтган йили 94,3 минг гектар майдонда 816,7 минг тонна ғалла етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик 86,6 центнерни ташкил этди. Пахтачиликда 72 минг гектарда 324 минг тонна ҳосил олинди. Мева-сабзавот экспорти 403 миллион долларга етди. Томорқачилик ва ихчам иссиқхоналар орқали минглаб хонадонлар барқарор қўшимча даромад манбаига эга бўлди.
Баъзи бир мисолларни тилга олсак.
Учкўприкда Хитойнинг “Yong Xin” МЧЖ томонидан кафель маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, 75 млн доллар инвестиция ўзлаштирилди. Бунинг ҳисобига йиллик 450 млрд сўмлик 29 млн кв метр кафель маҳсулоти ишлаб чиқариш қуввати ва 700 та иш ўрни яратилди. Ёки Қувасой шаҳрида Хитойнинг “Crown ceramics” МЧЖнинг 70 млн долларлик бўлган керамогранит плиталар ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, унинг қуввати йиллик 402 млрд сўмлик 10 млн кв метр маҳсулот ишлаб чиқаришга етказилди. Шунингдек, бу корхонада 500 та иш ўрни яратилди.
Фарғона вилояти хорижий инвестиция учун жозибадор ҳудуд сифатида қаралмоқда. 2025 йилда 30 та давлатдан инвестициялар киритилди. Улар Хитой (1,5 млрд), Россия (360 млн), Туркия (255 млн), Сингапур (95 млн), Таиланд (84 млн) ва бошқа давлатларга тўғри келади.
Жорий йилда эса хорижий инвестициялар 4,2 млрд долларга етиши кутилмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан 1,6 баробарга ўсиш таъминланади деганидир. Ушбу лойиҳалардан бугунги кунда умумий қиймати 8 млрд долларлик 480 тасида ишлар бошлаб юборилган. Улар орасида Хитойнинг "HENG TAI" компанияси томонидан 350 млн долларлик Фарғона шаҳрида “ФОШАН”саноат зонаси, Фарғона туманида агрологистика ва савдо саноат парки ҳамда Марғилон шаҳрида 5 юлдузли “HILTON” меҳмонхонаси, Қува туманидаги 26 гектарда Туркиянинг “Heyal Holding” компанияси томонидан лойиҳа қиймати 330 млн доллар бўлган “Турк махсус саноат зонаси”ни кўрсатиш мумкин. Худди, шунингдек, Тошлоқ тумани, Фарғона шаҳрида ҳам Хитой, Япония, Туркия каби давлатлар билан ҳамкорликда улкан лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.
2026 йилда 30 дан ортиқ давлатдан инвестициялар киритилиши режалаштирилган. Улар ичида ҳамкорлик юқори бўлган Хитой (7,4 млрд), Туркия (746 млн), Россия (445 млн) давлатлари билан бир қаторда Қатар (200 млн), Канада (35 млн) каби илк маротаба инвестиция киритаётган давлатлар ҳам бор.
Фарғона маҳсулотлари дунё бозорини эгалламоқда.Ўтган йили 1,3 млрд долларлик экспорт амалга оширилди. Шундан, қишлоқ хўжалиги 403 млн доллар (ўсиш 144%), саноат маҳсулотлари 695 млн доллар (ўсиш 140%), 202 млн доллар туризм ва хизматлар ҳамда 20 млн доллар IT хизматлари ҳиссасига тўғри келади (ўсиш 1,4 баравар). Экспорт географияси 65 тага етди. Янги 11 та давлат бозорларига кириб борилди. (Хорватия, Руминия, Греция, Алжир, Тайланд, Швеция, Уммон, Мексика, Малдив, Ирландия, Венгрия ва Тайван). Режалар эса ўсиб боряпти. 2026 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 1 млрд долларлик мева- сабзавот билан жами 2 млрд долларга етказиш режалаштирилмоқда.
Фарғона вилояти раҳбарлари ҳамда мутахассисларнинг таъкидлашича, 2026 йилда камбағаллик даражасини 2,6 фоизга туширишга барча имкониятлар етарли (23 560 та оилада 92 825 нафар аъзо қолади, шундан, 7947 таси қизил тоифадаги оилалар).
2025 йилда 53 мингта оилалар (219 минг аъзо ) реестрдан чиқарилди. Вазифани бажаришнинг фарғонача усули шундан иборатки, ўтган йили 63 мингта оиланинг (260 минг аҳоли) ҳар бирига “индивидуал режалар” ишлаб чиқилиб, 59 мингта камбағал оилалар (250 минг аҳоли) даромадини оширишга қаратилган чоралар кўрилди.
Жумладан, 44 минг нафари ишга жойлаштирилди, 38 минг нафари тадбиркорликка жалб қилинди, 5,7 минг нафари касб-ҳунарга ўқитилди.
Камбағал оилаларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтган йили 13 мингта оилага 206 млрд сўмлик кредит, 6 мингдан ортиқ оилага 16 млрд сўм ссуда ва субсидия маблағлари ажратилди. 99 та оғир маҳаллага ажратиб берилган 250 млрд.сўм маблағ ҳисобига 70 мингга яқин хонадонларнинг томорқасини суғориш, электр энергия билан узлуксиз таъминлаш, натижада 100 минг аҳолининг даромадини ошириш учун мустаҳкам замин яратилди.
Бундан ташқари, 427 нафар уста-деҳқон ва агроном, 200 дан ортиқ лидер тадбиркор маҳаллаларга бириктирилиб, юқори даромадли экин экишга ўргатилмоқда.
Фарғонага бир йил аввал ҳам келган меҳмонларнинг таъкидлашича, бугунги шаҳар-туман манзараларини таққослаш анча мушкул. Чунки вилоятда жуда катта бунёрдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Аҳолини турар-жой билан таъминлашда 8 йил мобайнида 882 та 28,5 минг хонадонли уй-жойлар қурилди. 2025 йилни ўзида 10,6 минг хонадонли 220 та уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди ва 10 мингдан зиёд оила уй-жой билан таъминланди. Ушбу уй-жойлар қурилишига 2,0 трлн сўм тадбиркорлар маблағлари ва банк кредитлари сарфланди.
Мисол учун, Қўқон шаҳар “Азизтепа” МФЙ ҳудудидаги 34,2 гектар ер майдонида “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилмоқда (6 338 хонадон, 84 та уй). 1-босқичда 32 та 2 517 хонадонли уй-жой фойдаланишга топширилди.
Ҳар йили вилоятда аҳоли сони 100 минг нафарга ўсиши натижасида ижтимоий соҳани ривожлантиришга бўлган талаб ҳам ортиб боряпти. Ҳозирги кунда янгидан 29 та мактаб ва 45 та болалар боғчаси қуриш масаласи долзарб бўлиб турибди.
Халқаро “S&P Global” рейтинг агентлиги Фарғона вилоятининг хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли кредит рейтингини икки марта яхшилаб, 2025 йил ноябрь ойида “B+” даражадан "BB-"га кўтарди ва барқарор ўсишни прогнозлаштирди ҳамда “Standart & Poor`s” (АҚШ) халқаро рейтинг агентлиги томонидан вилоятга “ВВ- барқарор” рейтинги берилди.
Ушбу рейтингга асосан, 100 млн.долларни 109 та мактаб ва мактабгача таълим муассасаси ҳамда 62 та тиббиёт муассасасини таъмирлаш ва касб-ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилган таълим муассасаларининг жиҳозлаш ишларига, яна 100,0 млн.долларни эса 50 та саноат зонасига муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишига сарфлаш режалаштирилди.
2025 йилда Фарғона вилоятида 47 та янги IT компания фаолияти йўлга қўйилди, IT-Парк резидентлари 139 тага етди, уларнинг 21 таси Ҳиндистон, АҚШ, Россия каби хорижий мамлакатлар инвесторлари иштирокида амалга оширилди.
Мисол учун, Фарғона шаҳрида Шерзод Парпиев раҳбарлигидаги “DAVR-RU” хусусий корхонасида 400 дан зиёд дастурчи ёшлар ишламоқда. Уларнинг ўртача ойлиги 30 млн сўм. IT компаниялари 2,8 трлн сўмлик IT хизматлари ҳамда 22,8 млн долларлик экспортни амалга оширди.
Бугунги кунда вилоятда 10 га яқин чет давлатларда фаолият олиб бораётган компанияларнинг офислари очилди, жумладан АҚШдаги “Силк Роад”, “Форсайт Интележенс” ва “Про Тим Солушнс” компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, уларнинг филиаллари ташкил этилди.
Шунингдек, Россия Федерациясидаги “Аудиотеле”, “Антейко” ҳамда “Телеконтакт” компаниялари вакиллари билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Вилоят ёшлари учун яна бир қувончли воқеа шу эдики, Япония давлатида фаолият олиб борадиган “Микадо АйТи Девелопмент” компаниясининг филиали энди Фарғонада иш фаолиятини бошлади.
Ушбу йўналишдаги ишларни изчил давом эттирган ҳолда жорий йилда вилоятда фрилансерлар 6 500 нафарга, IT-Park резидентлари 200 тага ва IT хизматлар экспорти 50 млн долларга етказилиши режалаштирилган.
Сайёҳликнинг янги манзилларини топиб, Сўх туманида Угам ва Мираки тажрибаси асосида туризм мажмуалари ташкил этилиши, Фарғона туманида йирик туристик-рекреацион зона барпо қилиниши, Қўқон шаҳрида янги туризм масканлари барпо этилиб, маданий мерос объектлари бўйлаб саёҳат маршрутларини йўлга қўйиш устида жуда катта амалий ишлар олиб борилмоқда.
Фарғонанинг жаннатмакон манзилларидан бири Шоҳимардонда бир неча километрга чўзилган осма кўприклар, фунуклёр, экстримал туризм нуқталари барпо этишга киришилди. Фарғона туманида эса малиначилик агротуризмига ихтисослашган кластерга асос солинди. Ёзёвонда қум барханлари бўйлаб ралли, квадратоцикл туризми ҳамда балиқ овига ихтисослашган экотуристик манзилар барпо этилмоқда.
Модомики, давлат раҳбарининг икки ташрифи оралиғида шу қадар беқиёс кўламдаги ишлар амалга оширилибдики, бугун Президент қўядиган вазифалар салмоғи улардан кам бўлмайди. Ҳеч шубҳа йўқ Янги Фарғона Янги Ўзбекистонга муносиб қиёфа олади.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА