Янги Ўзбекистоннинг фидойи бунёдкорлари
Янги Ўзбекистонни ким барпо этади? Албатта, қалби эзгу ва беғубор орзуларга тўла, ғайрату шижоатли, қатъий азму шижоатли ёшлар бунёд этади. Пойтахтимизда Президент соврини учун мамлакатимизда илк бор ўтказилган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танлови ғолибларини табриклашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир касбий маҳорат, фидокорона меҳнат, билимдонлик байрами сифатида баланд руҳда ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танлови ғолибларига табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари – Президентнинг Матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Табрикда таъкидланганидек, Ватанимизнинг бугунги шиддатли тараққиёти, ҳаётимизга кириб келаётган рақамли иқтисодиёт, замонавий корхоналар ўз ишининг устаси бўлган, рақобатбардош касб эгаларини тайёрлаш ва рағбатлантиришни талаб этмоқда.
Ана шу ўткир заруратни ҳисобга олиб ҳамда азалдан илм ва ҳунар эгаларини эъзозлаб келадиган халқимизнинг эзгу анъаналарини ривожлантириш мақсадида мазкур миллий танлов ташкил этилди. Касб-ҳунар сирларини чуқур эгаллаган, пухта билим ва юқори кўникмага эга, ўз соҳасида янгилик ярата оладиган сизлар каби навқирон ёшларимизнинг бугунги эришган натижалари бу ташаббуснинг нақадар тўғри бўлганини яна бир бор тасдиқламоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 апрелдаги қарори билан тасдиқланган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра, 16 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган техникум ўқувчилари, ёшлар, талабалар ҳамда банд бўлмаган аҳоли ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловининг Республика босқичи юксак савияда, баланд руҳда ўтказилди. Ушбу танлов мамлакатимизда ўз касбининг маҳоратли, фидойи ва жонкуяр эгалари доим қадр ва иззатда эканини яна бир карра намойиш этди.
Мазкур танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирга тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, фаол ёшлар таклиф этилди.
Танлов низомига мувофиқ, ҳар бир касб йўналиши бўйича 2 нафардан биринчи, 4 нафардан иккинчи ва 6 нафардан учинчи ўрин соҳиблари аниқланди. Натижада жами 120 нафар иштирокчи танловнинг ғолиб ва совриндори деб эътироф этилди.
[gallery-30795]
Номзодлар дастлаб “маҳалла еттилиги” томонидан бирламчи саралашдан ўтказилди. Мазкур босқичда 124 371 нафар ёш иштирок этди. Юқори касбий маҳоратга эга бўлган 3490 нафар иштирокчи танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Танловнинг вилоят босқичида жами 6733 нафар ёш, жумладан, 1-босқич ғолиби бўлган 3490 нафар ҳамда 3243 нафар техникум ўқувчиси иштирок этди. Баҳолаш натижаларига кўра, 610 нафар иқтидорли ёш танловнинг республика босқичига йўлланма олди.
Якуний республика босқич Самарқанд вилоятида 4, Бухоро вилоятида 2, Қорақалпоғистон Республикасида 1 ҳамда Тошкент шаҳрида 3 та касб йўналиши бўйича ўтказилди.
Медаллар тақсимотига кўра, энг юқори натижалар Самарқанд вилояти вакиллари томонидан қайд этилиб, улар 25 та медални қўлга киритди. Кейинги ўринларда Сирдарё ва Бухоро вилоятлари 13 тадан, Тошкент шаҳри 12 та ҳамда Наманган вилояти 11 та медаль билан қайд этилди.
Мазкур лойиҳа “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси доирасида ёшларнинг касбий маҳоратини қўллаб-қувватлаш, уларни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига кенг жалб этиш, шунингдек, замонавий касбларнинг нуфузини ошириш мақсадида ўтказилди.
Ғолиб ва совриндорлар техникум ўқувчилари, маҳаллалардан иштирок этган бандлиги таъминланмаган ёшларни ташкил этгани диққатга сазовордир. Мусобақа жараёни халқаро ва маҳаллий даражадаги 3474 нафар эксперт томонидан адолат мезонлари асосида баҳолаб борилди.
Танлов 10 та устувор йўналиш бўйича ташкил этилди. Жумладан, электромонтаж, пайвандлаш технологияси, сантехника, тиббий ва ижтимоий ғамхўрлик, қуруқ қурилиш ва сувоқ ишлари, сартарошлик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, мода технологиялари, ошпазлик ҳамда компьютер графикаси йўналишлари бўйича иштирокчилар ўз билим ва амалий кўникмаларини намойиш этди.
Умуман олганда, танловнинг туман ва шаҳар босқичида 124 минг нафардан зиёд ёшлар ўз истеъдод ва қобилиятларини намоён этди. Танлов кўплаб мактаб битирувчилари ҳаётида янги саҳифа очиб, 22 минг нафар йигит-қиз учун ишлаш, таълим олиш ёки меҳнат бозорида ўз ўрнини топиш имкониятини яратди. Якунларга кўра, ўнта касб йўналишида энг юқори натижага эришган 120 нафар иштирокчи ғолиб ва совриндор деб топилди.
Танлов йўналишларининг айнан ушбу соҳалардан шакллантирилгани бежиз эмас. Бугунги кунда қурилиш, сервис, технология ва хизмат кўрсатиш тармоқларида малакали мутахассисларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, лойиҳа иқтисодиётнинг реал секторида талаб юқори бўлган касбларни оммалаштиришга хизмат қилади. Айниқса, амалий касбларга қизиқишни кучайтириш орқали ёшлар ўртасида ишсизликни камайтириш ва уларни мустақил даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш кўзда тутилган.
“Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” танлови Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 октябрдаги тегишли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 апрелдаги 152-сон қарори асосида тизимли равишда ташкил этилди. Мазкур ҳуқуқий асос танловни доимий ва институционал механизм сифатида шакллантиришга хизмат қилади.
Танлов нафақат индивидуал маҳоратни намоён этиш майдони, балки Янги Ўзбекистон тараққиётида фаол иштирок этадиган янги авлод мутахассисларини шакллантириш воситаси сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этди.
Мазкур танлов халқимиз фаровонлиги, мамлакат тараққиёти учун хизмат қилувчи касблар доим эъзоз ва эътиборда эканини яна бир бор намойиш этди.
Назокат Усмонова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА мухбирлари