Янги Ўзбекистонда янги марралар сари
“Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмаси мамлакатимиздаги энг йирик машинасозлик корхоналаридан бири ҳисобланади. Жорий йилда эса мазкур корхона ташкил этилганлигига 60 йил тўлади. Шу муносабат билан “Навоий машинасозлик заводи” ИЧБ директори Жаҳонгир Ҳайитов корхонада амалга оширилган лойиҳалар натижадорлиги ҳақида мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди.
– Айни пайтда корхонамизда 3,5 минг нафардан зиёд турли миллатга мансуб ишчи-ходимлар, муҳандис-технолог, металлург, механик, конструктор ва бошқа касб эгалари меҳнат қилмоқда. Бугунги кунда улар томонидан “НМЗ” ёрлиғи остида ишлаб чиқарилаётган металл ва ёғочга ишлов берувчи дастгоҳлар, йирик автомобиллар учун мураккаб деталлар ҳамда бошқа юқори сифатли маҳсулотлар нафақат юртимиз, балки қўшни давлатларда ҳам танилган ва янги бренд сифатида тан олинган.
Хусусан, заводда тайёрланаётган ўта юқори аниқликдаги юксак сифатли металл конструкциялар, ускуна ва жиҳозлар ҳамда турли ўлчамдаги эҳтиёт қисмларига талаб тобора ошиб бормоқда. Шунингдек, Навоий кон-металлургия комбинати бўлинмаларига турли русумдаги ускуналар, ностандарт жиҳозлар, дастгоҳлар, керакли эҳтиёт қисмлар, насослар, редукторлар, беркитиш арматуралари ва конвейер роликлари етказиб бериляпти. Истиқлолнинг дастлабки йиллари барча саноат корхоналари сингари “Навоий машинасозлик заводи” ИЧБ учун ҳам бирмунча синовли давр бўлгани рост. Зотан, “ҳаммасини кадрлар ҳал қилади”, деган ибора бежиз айтилмаган бўлиб, шу пайтгача завод ишлаб чиқаришида муҳим ўрин тутган мутахассис ходимлар бошқа миллат вакиллари эди.
[gallery-12716]
Ўзбекистон мустақил бўлгач, улар ўз юртларига кўчиб кета бошлади. Энди завод мавқеи ва ишлаб чиқариш суръатини сақлаб қолиш миллий кадрлар салоҳиятига боғлиқ бўлиб қолди. Ватанини астойдил севган, ҳурликдан руҳланган юртдошларимиз бу масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда изланди, интилди. Натижада мустақилликнинг илк йиллари завод учун ҳақиқий ривожланиш даври бўлди. Инновацион лойиҳаларнинг амалиётга жорий этилиши ҳисобига нафақат корхона қуввати, балки ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ва сифати ҳам янада ошди. Пировардида маҳсулот турлари 14,7 мингдан ошиб, ҳозирда корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми ўртача 1 триллион сўмдан зиёдни ташкил этмоқда.
Навоий кон-металлургия комбинатида кейинги беш йилда ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида қабул қилинган дастур ва инвестицион лойиҳалар доирасида янги гидрометаллургия заводлари қуриш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Бунинг натижасида ўз-ўзидан “Навоий машинасозлик заводи” ИЧБда ишлаб чиқариладиган импорт ўрнини босувчи эҳтиёт қисмлар, насослар, ностандарт ускуна ва жиҳозлар, металл конструкциялар, юқори босим остида ишлайдиган сиғимларга бўлган эҳтиёж йил сайин ошиб боряпти. Бу эса машинасозларни янада изланишга, ихтиролар яратишга ундаётир. Кейинги йилларда изланувчан, янгиликка ўч жамоанинг фидойилиги билан аввал хориждан сотиб олинган 500 турдан ортиқ маҳсулотларни завод цехларида ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга эришилди.
Навоий кон-металлургия комбинатида 2017-2026 йилларга мўлжалланган кенг кўламли инвестиция дастурини амалга ошириш ҳисобига НКМК бўлинмаларининг технологик ва кон ускуналари учун эҳтиёт қисмларга бўлган талабининг ортиши муносабати билан маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш мақсадида “НМЗ” ИЧБнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, “Механик йиғув цехини техник ва технологик қайта жиҳозлаш (I-босқич)” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун жами 22,1 миллион АҚШ доллари ажратилган. Бугунги кунда цехга Жанубий Кореянинг Hаnkook компанияси томонидан 1 дона замонавий токарлик-карусел станоги, 1 дона горизонтал йўниш станоги олиб келинди. Йил охиригача тиш кесувчи станоги олиб келинади. Шунингдек, Хитой давлатида ишлаб чиқарилган 100 тоннали юк кўтариш крани ҳам ўрнатилиб ишга туширилди. Механик-йиғув цехининг қувватларни ошириш тўлиқ ишга туширилганидан кейин ҳозирда импорт қилинадиган ускуна ва жиҳозларни, хусусан оғирлиги 200 тоннадан 980 тоннагача бўлган 6 тагача руда майдалаш тегирмонлари ҳамда янчиш машиналари, насослар, қуюлтиргичларни ишлаб чиқариш ва модернизация қилиш имконияти пайдо бўлади. Массаси 400 тоннагача баландлиги 8 ва диаметри 12 метргача бўлган йирик ўлчамли буюмларга ишлов бериш имкониятини беради. Бунинг натижасида НКМК бўлинмаларида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар асосида қурилаётган гидрометаллургия заводлари ва конлари (2-ГМЗ, 7-ГМЗ, 5-ГМЗ, 6-ГМЗ, Мурунтау, Гужумсой конлари) учун ностандарт жиҳозларни ва металл конструкцияларни ўз вақтида ишлаб чиқариб етказиб беришга эришилди.
Жорий йил бошида Қуймачилик цехида 25 тонналик янги замонавий печ ишга туширилди. Муҳими, ушбу печ учун зарур қолиплаш ускунаси бевосита заводда тайёрланди. 3 миллион доллар эвазига қуриб, фойдаланишга топширилган янги печ қуймачилик цехи ишлаб чиқариш қувватини 30 фоизга, яъни 40 минг тоннага етказиш имконини берди. Автоматик бошқарувга эга печда металл эришини тўлиқ кузатиб бориш имконияти мавжуд бўлиб, бу маҳсулотнинг юқори сифатли бўлишини кафолатлайди. Яна бир муҳим жиҳати, цехда янги печ ўрнатилиши билан 53 қўшимча иш ўрни яратилди.
Бугунги кунда заводда маҳаллийлаштириш асосида янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва валютани тежаш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, яқин-яқингача комбинат эҳтиёжи учун зарур шарли тегирмонлар жуда катта валюта ҳисобига четдан олиб келинаётган эди. Мисол учун, ҳажми 140 метр куб бўлган шарли тегирмоннинг импорт нархи 5 миллион АҚШ долларига тенг. 2020 йил декабрь ойида пандемия шароити бўлишига қарамай, “НМЗ” ИЧБда ушбу ўлчамдаги тегирмон ишлаб чиқарилди. 2-гидрометаллургия заводи эҳтиёжи учун зарур бу тегирмоннинг ўзимизда ишлаб чиқарилиши билан 2,5 миллион АҚШ доллардан ортиқ хорижий валюта тежаб қолинди. Бундан ташқари, 2020 йилда инвестиция лойиҳаси доирасида 5-гидрометаллургия заводи учун лойиҳалаштиришнинг замонавий технологияларидан фойдаланган ҳолда завод тарихида илк марта “МШР 21х30” метр шарли тегирмон ишлаб чиқарилди. Ҳозирги кунда шарли тегирмонларнинг МШЦ 32х45, МШЦ 40х70, МШЦ 55х75 қўшимча турлари ўзлаштирилган.
Бирлашмада 2020 йилда 743,9 миллиард сўмлик, жумладан, 481,9 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, 2021 йилда 905,2 миллиард сўмлик, жумладан, 578,3 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. 2022 йилда эса бирлашмада ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш режаси 101,3 фоизга бажарилди. 2021 йилдагига нисбатан 206 тонна кўп, яъни 30029 тонна қуйма маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Хуллас, навоийлик машинасозлар 60 йиллик юбилейни улкан ютуқлар ва ёруғ юз билан қарши олмоқда.
Суҳбатни А.Бўриев ёзиб олди.
Суратлар муаллифи С.Аслонов, ЎзА