Янги Ўзбекистонда байрам шукуҳи
Истиқлол халқимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Истиқлол – ҳар бир фуқаронинг иқтисодий, ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришнинг мустаҳкам заминидир.
Инсон бахтли, эркин бўлиши учун мустақил бўлмоғи керак. Шу билан бирга мустақилликнинг мазмун-моҳиятини англаб олиш ва ёш авлодга унинг аҳамиятини етказиш зарур. Ҳар бир инсон мустақиллик деган сўзнинг туб маъносини тушуниб етиши, бу сўзнинг буюк неъмат эканлигини англаши ва унда нақадар улуғ маъно ётганлигини билиши лозим.
1991 йилда Давлат мустақиллиги халқимиз қаддини ростлади. Ватанга бўлган қадр-қиммат ва меҳр-муҳаббат ортди. Собиқ Иттифоқ даври мафкураси асосида йўқ қилинган миллий қадриятимиз, муқаддас динимиз, урф-одатимиз, анъанамиз яна халққа қайтарилди.
Кўхна тарихимиз, бой моддий ва номоддий меросимиз, миллий давлатчилигимиз қайта тикланди. Ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажакка дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.

Ватанимиз тарихи, буюк аждодларимиз, истиқлол ҳақида гап кетар экан, маърифатпарвар жадидчиларимизни алоҳида эътироф этиш жоиз. Аввало, бу сўзнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратсак. “Жадид” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, “янги” деган маънони билдиради. “Янги” маъноси, биз ўйлагандек оддийгина маънони ифодаламай, балки “янги тафаккур”, “янги инсон”, “янги авлод” сингари кенг маъноларни ўзида мужассам этганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Жадидлар юртни обод ва Ватанни мустақил кўришни орзу қилди, шу йўлда фидойиларча курашди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, қадимий ва бой тарихимизни, айниқса, ғоят оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримизнинг ўрни ниҳоятда катта. Шунинг учун ҳам бугун уларнинг ҳаёт йўли ва фаолияти янада чуқур ўрганилиб, ёш авлодга етказилмоқда.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, давлатимиз суверенитети, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.
33 йиллик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, кейинги 7-8 йилда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий ҳаётида туб ислоҳотлар ва бурилишлар даври бўлаётганлигини бугун ҳар бир фуқаро теран англаб етди.
Айни кунларда, мустақиллигимизнинг 33 йиллик тўйига кенг кўламда тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Республикамизнинг ҳар бир шаҳар ва туманлари, чекка қишлоқ жойларида байрамни юқори, кўтаринки руҳда ўтказиш, ҳудудларни ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам фикримиз исботи.
Қолаверса, жойларда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида аҳоли билан кенг қамровли учрашувлар, суҳбатлар ташкил этилиб, мазкур тадбирларда ўтган давр мобайнида босиб ўтган мураккаб йўлга яна бир бор назар ташлаб, амалга оширган ишлар, эришган ютуқлар холисона баҳоланиб, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчилик, бутун халқимиз эътиборига етказишда пойтахтдан ташриф буюрган Республика тарғибот гуруҳи аъзоларининг хизматлари катта бўлмоқда.
Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллигини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш мақсадида юртбошимиз томонидан “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” ғояси остида Жиззах вилоятининг шаҳар ва қишлоқларида, туман ва маҳаллаларида ҳам кенг миқёсда амалий ишлар бажарилмоқда.
Мазкур тадбирларда пойтахтдан ташриф буюрган Республика тарғиботчилар гуруҳи аъзолари – олим, ёзувчи, шоир, санъаткор ва маданият ходимлари иштирокида “Маърифатли оила”, “Инсон қадри”, “Оила – маънавият қўрғони”, “Миллий бирдамлик“, “Кино-карвон”, “Энг маънавиятли маҳалла”, “Зиёлилар форуми”, “Мутолаа марафони”, “Аждодларга эҳтиром”, “Уч авлод учрашувлари” ҳамда “Ватан мадҳи” номли гала концертлар уюштирилаётгани ва бу тадбирларда фуқароларнинг кенг қамровли иштирокини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бундай тадбирлар, аҳоли ўртасида ватанпарварликни, юртни севиш ва ундан ғурурланишиш, тинч ва осойишта, тўкин ҳаётимиздан рози бўлиш ва шукроналик келтириш, ўзаро меҳр-оқибат, саховатли бўлишлик, аёл ва оилага эҳтиром, уни асраб-авайлаш, халқимиз, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида фаол фуқаролик позициясини юксалтириш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини ошириш, олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик каби туйғуларни мустаҳкамлаш, миллий маданиятимиз, адабиётимиз, қадриятларимизни кенг тарғиб қилишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Иқболой Умарова,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази Жиззах вилояти бўлими раҳбари.
ЎзА.