Янги Ўзбекистон - янги тараққиёт босқичида
Пойтахтимизда илм-фан, маданият соҳаси намояндалари, кенг жамоатчилик вакиллари, аҳоли ва ўқувчи-ёшлар иштирокида “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Юнусобод туманидаги Исломобод маҳалласида ўтказилган тадбирда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган фикрлар, Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари, мамлакатимизда барча жабҳаларда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар моҳияти ҳақида сўз борди.


Шунингдек, иштирокчиларга “Конституция – халқ фаровонлиги ва юрт тинчлиги асоси”, “Янги Ўзбекистон – янги тараққиёт босқичида”, “Аҳоли, айниқса, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга инновацион ёндашув” каби мавзулар тингланиб, мавзуга оид маълумот ва тушунчалар берилди.


Тадбир доирасида “Конституциядан ўрин олган бурчларингизни санаб беринг” викторинаси ўтказилиб, савол-жавобларда фаол иштирок этган иштирокчилар тақдирланди.
Тадбир якунида юртимиздаги ислоҳотлар ва Тошкент шаҳридаги ўзгаришлар акс этган “Янги Ўзбекистон – янги дунёқараш”, “Инсон қасидаси”, “Шукроналик ҳисси”, деб номланган видеороликлар намойиш этилди.
ЎзА