Янги Ўзбекистон – янги ҳамкорлик демак...
2022 йилнинг 24 март куни икки мамлакат – Италия ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланди. Ушбу юбилей доирасида бир қатор маданий тадбирлар ўтказилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 25 март куни Тошкент шаҳридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талаба ёшлари олдида Италиянинг етакчи олимларидан бири, Марказий Осиё бўйича мутахассис, шунингдек, Aвстрия фанлар Академияси аъзоси, профессор Паоло Сартори тарихий-илмий характердаги маърузаси билан иштирок этди.
29 март куни Бутунжаҳон Италия дизайн куни доирасида фотосуратлар уйида элчихона кўмагида «Лойиҳаларни ишлаб чиқиш, шаҳар муҳити ва тарихий марказни реконструкция қилиш ва тиклаш бўйича янги технологиялар» мавзусида маърузалар ва фотосуратлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда архитектура соҳасидаги профессор, Осиё ва Хитой Политехника университети, Турин Политехника университети халқаро алоқалар бўйича ректор вакили Мишел Бонино иштирок қилди.
2022 йилнинг 6 май куни Италия элчихонаси Aлишер Навоий номидаги давлат академик катта театри билан ҳамкорликда буюк бастакор Жузеппе Вердининг «Трубадур» операсини саҳнага қўйилишига бош-қош бўлишни режалаштирган. Унда оркестр дирижёри – маэстро Диниеле Джиованни-Aжиман иштирок этди.
Шуни эътироф этиш керакки, сўнгги йилларда Италия–Ўзбекистон муносабатлари янада фаоллашди.
Хусусан, сўнгги 2 йил ичида Ўзбекистонда Италия капитали иштирокидаги корхоналар сони икки баробарга (46 тагача) ошди. 2021 йил бошидан буён 15 та корхона ташкил этилди, Италиянинг 7 компанияси аккредитациядан ўтди. Ўзбекистонда италиялик сармоядорлар учун қишлоқ хўжалиги, автомобиль саноати ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш, мева-сабзавот маҳсулотларни қайта ишлаш, кимё тармоғи, нефть ва газ саноати, тўқимачилик, ипак ва чарм-пойабзал саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаси, фармацевтика, металлургия, шунингдек бошқа йўналишларда муҳим истиқболлар яратиб келинмоқда.
Икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш бўйича ҳам яхши кўрсаткичлар қайд этилмоқда. 2021 йилда ушбу кўрсаткич мисли кўрилмаган натижани – 400 миллион еврони ташкил этди.
2022 йилда Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестиция форумида 30 га яқин италиялик бизнес вакиллари иштирок этдилар. Бу Италия ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқишининг ортиб бораётганига яққол далилдир.
Биз бу йил икки мамлакат етакчиларининг олий даражадаги учрашувига қизғин тайёргарлик кўрмоқдамиз. Шу боис, 2022 йил – мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги – Италия-Ўзбекистон муносабатлари тарихида муҳим ўрин тутади, деб ҳисоблаймиз.
Шу ўринда, Италия ва Ўзбекистон – иккиси ҳам тинчликсевар мамлакат эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Зеро, бугун дунёда қуролли тўқнашувлар ва урушлар тобора авж олаётган бир паллада, ўзаро муносабатларимиз кундан-кунга амалий сермазмунлик касб этиб, жадал ривожланиб бормоқда десам, асло муболаға қилмаган бўламан.
Агостино ПИННА,
Италиянинг Ўзбекистондаги
Фавқулодда ва Мухтор элчиси