Янги Ўзбекистон ва янги авлод ёшлари
Бугун ёшларимиз ҳақида сўз кетар экан, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг саволларига берган жавобларини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Давлат раҳбари ўз интервьюси орқали ёшларимизга халқнинг асосий таянчи ва суянчи сифатида қатъий ишонч билдираётгани, кенг кўламли ислоҳотларни самарали амалга оширишда улар ҳал қилувчи куч эканлигини таъкид этганлиги - келажак ворисларига кўрсатилаётган юксак эътиборнинг яққол ифодасидир.
Дарҳақиқат, ёшлар манфаатлари давлат сиёсатининг энг устувор мақсадларига айланган ҳолда, мамлакатда тез фурсатлар ичида ёшлар масалаларида катта ислоҳотлар амалга оширилди. Ёшларни билимли, олий маълумотли қилиш мақсадида ҳозирги кунда олийгоҳлар сони 141 тага етказилган бўлса-да, юртимизда нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари ҳам кўпайиб бормоқда.
Ушбу тизим тубдан ислоҳ этилар экан, охирги йилларда ошиб бораётган қабул квоталари, имтиёз асосидаги қабуллар, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун ажратилаётган алоҳида грантлар – буларнинг барчаси ёшлар учун, уларнинг фаровон ҳаёти учун очиб берилаётган имкониятлар эшигидир.
Бугун Ўзбекистон мана шундай кучли ислоҳотлар билан ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўйди. Ҳаётбахш ислоҳотларнинг самаралари нафақат олий таълимда, балки барча соҳаларда яққол намоён бўлди.
Шуни қайд этиш жоизки, илм-фанга иштиёқманд фарзандларимизни буюк боболаримизнинг муносиб издошлари ва давомчилари этиб тарбиялаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз, аслида. Зеро, давлатимиз раҳбарининг таъкиди билан айтганда, ўз Ватанини, она халқини равнақ топтириш учун ўзини аямасдан меҳнат қилиш: бу – жасорат ва мардлик, бу – она юртга муҳаббат ва садоқат, бу – тўғри тарбия ва амалий намуна демакдир.
Бугунги кунда қанча-қанча билимли, чет тилларни, замонавий бошқарув усулларини яхши биладиган навқирон ёшлар ҳаётимизга кириб келмоқда. Улар – бизнинг умидимиз, эртанги кунимиз. Шунинг учун ёшларга кенг йўл очиб бериш, эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш давлатимиз, Президентимиз эътибори марказида эканлиги кучимизга куч қўшмоқда.
Фахрланарлиси, ҳозир жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир. Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётган экан, улуғ йўлда Юртбошимизга елкадош, давлатимизга суянч бўлиш мақсади қалбларимизда жўш урмоқда.
Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ 30 йиллиги арафасида келажак авлодларининг камоли йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларни фахр билан тилга оламиз. Юртимизда Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилгани, Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси тузилгани, йигит-қизларнинг ташаббус ва ғоялари тўлақонли қўллаб-қувватланиб келинаётгани хайрли ишлар изчил ривожланаётганидан далолат.
Мамлакатимизда ёшларнинг барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш устувор йўналишлар сифатида белгиланган. Айниқса, таълим муассасаларини тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган йигит-қизларни муносиб иш ва даромад манбаи билан таъминлаш, уларга замонавий касб-ҳунарлар, IT технологияларни ўргатиш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани эътиборга лойиқ.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ёшларга оид давлат сиёсатининг янги, муҳим босқичга кўтарилганини кўрсатди. Тарихий ҳужжатнинг ҳар бир бандида Ўзбекистон ёшларининг меҳнат фаолияти, таълим олиш жараёни, оила ва жамиятдаги мақсадлари амалга оширилишига кўмак берилиши, ёш авлод манфаатларининг чуқур ҳимояси ўз ифодасини топади.
Ўзбекистонда ёшларни билимли ва малакали қилиб тарбиялаш, жаҳон стандартларига мос келувчи илғор кадрлар этиб етиштириш учун пухта ўйланган, узоқ муддатли изчил тизим амалга оширилиб, ёш авлодга катта имкониятлар берилмоқда. Янги ўқув йилидан 22-28 фоизли 3 йиллик таълим кредити 14 фоизга туширилиб, 7 йилга бериладиган бўлди. Кредитни қоплашга йўналтириладиган маблағлар эса солиқдан озод қилинади. Дунё миқёсида ТОП-1000 таликка кирган олий таълим муассасаларини битирган ва четда илмий иш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўлаш тизими жорий этилади. Ёшлар мамлакат тараққиёти моделига айланиб бораётган бугунги кунда Юртбошимизнинг эътибори ва рағбатидан куч олган, янги ташаббус ва мақсадлар сари қадам қўяётган ёш авлод юртимиз истиқболи, ёруғ келажагимиз бунёдкори, деган эътирофга муносиб меҳнат қилиши керак. Қолаверса, дунё миқёсида рақобат кескин тус олаётган давр фақат замонавий илм-фан ва инновация ютуқлари билан қуролланиш лозимлигини кўрсатади. Бу борада ёшларнинг таълим-тарбияси, она Ватанга, Истиқлол ғояларига садоқати, миллий қадриятларга эҳтироми, буюк аждодларга муносиб ворислик эътиқоди бизни Янги Ўзбекистон истиқболига етаклайди, албатта.
Баҳодиржон Шермуҳаммадов,
Фарғона давлат университети ректори.
ЎзА