«Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси»ни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида «Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси» спорт мусобақаларини ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишга олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов раислик қилди.
Йиғилишда мусобақаларни юқори савияда ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, жамоаларни шакллантириш, спорт инфратузилмасини тайёр ҳолга келтириш, ҳакамликни таъминлаш, хавфсизлик ва тиббий хизматларни йўлга қўйиш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Мазкур ташаббус талабалар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини кучайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, мусобақалар олий таълим муассасаларида спорт муҳитини ривожлантириш ва иқтидорли спортчиларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумот ўрнида, «Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси»да баскетбол 3х3, волейбол, гандбол, енгил атлетика, стол тенниси, сузиш ва футбол каби спорт турлари ўрин олган. Олимпиаданинг олий таълим ташкилотлари босқичи 1–30 апрель кунлари, ҳудудий босқичи 1–15 май, сўнгги - республика финал босқичи эса 1–10 июнь кунлари бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА