Янги ўқув йили – янги орзулар остонаси
Янги ўқув йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мактаб ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган табриги билан янада кўтаринки руҳда бошланди.
Халқимизда таълим-тарбия, мактаб ва китоб, устоз ва илм-одоб азалдан юксак қадрланган. Шиддатли янгиланишлар йўлидан бораётган жонажон Ўзбекистонимизда ҳам мактаб таълими жамият тараққиётининг асосий устунларидан бири сифатида эътироф этилиб, соҳага алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 2 сентябрь куни юртимиз бўйлаб барча таълим муассасаларида «Биринчи қўнғироқ» тадбирлари ташкил этилди. Унда янги ўқув йилида таълим тизимида кутилаётган янгиликлар ва соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида сўз юритилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, республика бўйича 1-синфга қабул қилинган 795 минг нафардан ортиқ ўқувчига 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат «Президент совғалари» тақдим этилди.
Шундан сўнг барча таълим муассасаларида биринчи дарс соати сифатида «Келажак соати» машғулотлари ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, вазирлик томонидан 2026/2027 ўқув йили учун ишлаб чиқилган «Келажак соати» дастурлари асосида ҳар бир ёш гуруҳи учун алоҳида дарс ишланмалари, сценарийлар, визуал ва интерактив материаллар тайёрланган. Ушбу материаллар «milliytarbiya.uz» платформасига жойлаштирилди.
2026/2027 ўқув йилида мамлакатимиздаги мавжуд 10 минг 225 та умумтаълим мактабида 550 мингдан ортиқ ўқитувчи 6,7 миллион нафардан зиёд ўқувчига таълим-тарбия беради.
Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти ва ўқув дастурлари халқаро стандартларга мувофиқ янгидан ишлаб чиқилди.
Бунда Буюк Британиянинг Cambridge University Press & Assessment ташкилоти билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ҳамкорлик доирасида бир йилдан ортиқ вақт давомида ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича 28 нафар халқаро эксперт ва координатор иштирокида 300 дан ортиқ онлайн муҳокама ҳамда Тошкент шаҳрида тренинглар ташкил этилди.
Янги ўқув йилидан 4-синфларда «Информатика ва ахборот технологиялари» фани жорий этилади. Мазкур фан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 майдаги ПФ-79-сон фармонига мувофиқ бошланғич синфларда 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич жорий этиб келинмоқда.
Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази томонидан Шарқий Хитой педагогика университети томонидан тайёрланган ва давлат тилига таржима қилинган сунъий интеллектга оид 7 қисмдан иборат ўқув қўлланмалар маҳаллийлаштирилди.
Ушбу қўлланмалар ўқувчиларнинг ёш хусусиятларини инобатга олган ҳолда, оддийдан мураккабга тамойили асосида тузилган. Янги ўқув йилидан мазкур материаллар асосида 17 соатлик, яъни икки ҳафтада бир соатдан дарсдан ташқари машғулотларни ташкил этиш режалаштирилган.
Янги мактаблар ва янги ўқув ўринлари
Таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳам жадал давом этмоқда. Хусусан, 2026 йил давомида 651 та объектда — шундан 481 таси мактаб ва 170 таси мактабгача таълим ташкилоти — қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, 69 та объектда янги қурилиш, 475 тасида реконструкция ва 107 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилади. Ушбу чора-тадбирлар натижасида мактабларда 159,2 мингта янги ўқув ўрни яратилади, мавжуд 94,1 минг ўринли бинолар мукаммал таъмирланади.

Мактабгача таълим ташкилотларида эса 17,1 мингта янги ўрин ташкил этилиши ва 6,9 минг ўринли мавжуд бинолар мукаммал таъмирланиши кўзда тутилган.
Таълим сифатида ўсиш кузатилмоқда
Мактаб таълими тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бериб, таълим сифатида сезиларли ўсиш кузатилмоқда.
Жорий йилда мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига киришдаги ўртача бали 92,5 баллни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 11,6 баллга ошди.
Давлат олий таълим муассасаларига қабул қилинган битирувчилар сони сўнгги уч йилда 3,5 фоизга ошган. Жорий йилда мактаб битирувчиларининг 27,4 фоизи олий таълим муассасаларига қабул қилинди.
Олий таълим муассасаларига кириш бўйича энг юқори кўрсаткичлар қуйидаги ҳудудларда қайд этилди:
1. Навоий вилояти — 52,5 фоиз;
2. Бухоро вилояти — 37,9 фоиз;
3. Жиззах вилояти — 35,9 фоиз.
Жорий йилда 454 минг 833 нафар битирувчи мактабни тамомлади. Бу ўтган йилга нисбатан 16 минг нафарга кўпдир. Уларнинг 333 минг 463 нафари, яъни 73 фоизи тест синовларида иштирок этди.
Шу билан бирга, муддатидан олдин талаба бўлган, шунингдек, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган битирувчилар ҳам мавжуд.
2026 йилда 34 минг 681 нафар жорий йил битирувчиси давлат грантига тавсия этилди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 4 800 нафарга кўп. Қиёслаш учун, 2025 йилда 29 минг 881 нафар, 2024 йилда эса 24 минг 330 нафар битирувчи давлат грантига тавсия этилган.
Тест синовларида энг юқори — 189 балл олган мактаб битирувчилари сони ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жорий йилда 4 минг 825 нафар мактаб битирувчиси 189 балл тўплади. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан қарийб 8 баробарга ошган. 2025 йилда 619 нафар, 2024 йилда эса 101 нафар битирувчи энг юқори баллни қўлга киритган.
Инклюзив таълим қамрови кенгаймоқда
Таълим тизимида инклюзив таълимни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган ўқув йилида инклюзив таълим синфлари ташкил этилган умумий ўрта таълим мактаблари сони 2 минг 610 тани, уларда қамраб олинган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар сони 6,8 минг нафарни ташкил этган. Янги ўқув йилидан эса инклюзив таълим жорий этилган мактаблар сони 3 минг 249 тага, уларда таълим олиши кутилаётган ўқувчилар сони эса 8,5 минг нафарга етказилади.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда таълим тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, ўқувчиларга сифатли билим бериш, уларнинг замонавий кўникмаларини шакллантириш ва келажакка тайёрлашга қаратилган изчил ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Янги ўқув йилининг «Биринчи қўнғироқ» садолари остида бошланиши эса нафақат ўқувчилар, балки устозлар, ота-оналар ва бутун жамият учун янги мақсад ва янги марралар сари интилиш даври бошланганини англатади.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири