Янги ўқув йили: таълим муассасаларида хавфсизлик – устувор вазифа
Мамлакатимизда 2 сентябрь – Билимлар куни ҳамда янги ўқув йилининг бошлангани муносабати билан таълим муассасаларида хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йил республика бўйича 11 минг 178 умумтаълим мактабида Билимлар кунига бағишланган тантанали тадбирлар ўтказилди. Уларда жами 5,8 миллион нафар ўқувчи, жумладан, биринчи синфга қадам қўйган болаларнинг ота-оналари билан биргаликда иштирок этди.
Янги ўқув йилида 598 касбий таълим муассасаси ва 73 академик лицей ўз фаолиятини бошлади. Бу эса янги ўқув йилининг илк кунларида таълим муассасаларида хавфсизлик чораларини янада кучайтириш, жамоат тартибини таъминлаш ва профилактик тадбирларни тизимли ташкил этишни тақозо этади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида тезкор йиғилиш ўтказилиб, янги ўқув йилини уюшқоқлик билан бошлаш, таълим муассасаларида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилиниб, тадбирлар ўтказиладиган ҳудудларда жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш, одамлар гавжум бўладиган жойларда ҳаракатланишни тўғри ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
Шундан келиб чиқиб, таълим муассасалари атрофида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, пиёдалар ҳаракатини тартибга солиш, мактаблар олдида транспорт воситаларининг ҳаракатланиши ва тўхташи билан боғлиқ ҳолатларни назорат қилиш бўйича зарур чоралар кўрилди.

Айниқса, биринчи синфга қабул қилинган болаларнинг ота-оналари билан биргаликда тадбирларда иштирок этиши ҳисобга олиниб, мактаблар атрофида пиёдалар оқими ва автотранспорт ҳаракатини хавфсиз ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Таълим муассасаларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши, ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, зарур ҳолларда тезкор ҳаракат қилиш бўйича тайёргарлик ҳолати ҳам кўриб чиқилди.

Масъулларга ҳар бир таълим муассасасида хавфсизлик чораларини олдиндан таъминлаш, профилактик тадбирларни кучайтириш, аниқланган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш ҳамда масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни самарали ташкил этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Бугун эса эрта тонгдан мактаблар олдида йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан кучайтирилган тартибда хизмат олиб борилди. Хусусан, мактаблар атрофида транспорт воситалари ҳаракати назорат қилиниб, ўқувчиларнинг йўлни хавфсиз кесиб ўтишига кўмаклашилмоқда. Ҳайдовчиларга тезликни меъёридан оширмаслик, мактаблар яқинида ҳушёр ва эътиборли бўлиш юзасидан тушунтиришлар берилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА