Янги корхонага пресс-тур ташкил этилди
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида янгидан иш бошлаган “Агро Тўрткўл текстил Слустер” масъулияти чекланган жамиятига қарашли мой заводига пресс-тур ташкил этилди.
Тадбирда тумандаги оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ёшлар етакчилари заводдаги ҳар бир бинонинг ичида пахтани қайта ишлаш ускуналари билан танишди. Бош муҳандис Фурқат Юсупов иштирокчиларга пахтанинг қайта ишлаб чиқариш жараёни тўғрисида маълумот берди.

Пресс-тур давомида иштирокчилар чигитнинг қобиғи ва мағзидан ажралиш жараёни, мағиздан бир неча босқичлар натижасида мой ажралиб чиқиши ва рафинантланган, яъни 200 даражадан юқори иссиқликда пахта мойининг тозаланиб, доғланиб, истеъмолга яроқли тоза ҳолига келтирилиши жараёнлари босқичлари билан танишди.
Кунига юз тонна чигит ишлаб чиқаришга мўлжалланган заводда иш уч сменада олиб борилмоқда. Жами 90 нафарга яқин ишчи доимий иш билан таъминланган.

Завод директори Ўринбой Сеттиевнинг таъкидлашича, шелуха ва шрот биржа орқали эгаларини топиб келаётган бўлса, ўтган кундан бошлаб пахта мойи ҳам савдога қўйилган.
Тадбир давомида иштирокчилар даладан келтирилган пахтанинг тайёр пахта маҳсулотга айланиш жараёнлари билан яқиндан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА